Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 30683 марта ўқилди

Иш стажига эга бўлмаган шахслар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга қуйидаги нафақалардан бири тўланиши мумкин:

  • ёшга доир нафақа;
  • ногиронлик нафақаси (болаликдан ногиронлиги бўлган шахслардан ташқари);
  • парваришлаш нафақаси;
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси.

Бунда турли нафақаларни олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга ушбу нафақаларнинг фақат биттаси тўланади.

Ёшга доир нафақа

Ёшга доир нафақа иш стажи бўлмаган ёки пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга тайинланади.

Ёшга доир нафақа:

  • эркакларга 65 ёшга етганларида;
  • аёлларга 60 ёшга етганларида;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга – 55 ёшга етганларида тайинланади.

Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга ёшга доир нафақа фарзанди ногиронлиги бўлган деб эътироф этилганлиги тўғрисида Тиббий — ижтимоий эксперт комиссиясининг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаси билан тасдиқланган тақдирда тайинланади. 

Нафақа давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганида Пенсия жамғармасининг бўлими томонидан тайинланади.


Нафақа тайинланмаганлик устидан судга шикоят қилиш мумкин. Судга шикоят қилиш тартиби билан танишиш учун ҳаволага ўтинг.

Ёшга доир нафақа тайинлашни сўраб белгиланган ёшга тўлгандан сўнг 60 кун ичида, нафақа уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан эътиборан тайинланади.

Нафақаларни тўлаш ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай амалга оширилади.

Ногиронлик нафақалари
  • Ногиронлик нафақаси иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ёшидан қатъи назар тайинланади.

Нафақа давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганида Пенсия жамғармасининг бўлими томонидан тайинланади.

  • Нафақа тайинланмаганлик устидан судга шикоят қилиш мумкин. Судга шикоят қилиш тартиби билан танишиш учун ҳаволага ўтинг.
  • Ногиронлик нафақасини тайинлашни сўраб ногиронлик гуруҳи белгиланганидан сўнг 60 кун ичида, нафақа уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан эътиборан тайинланади.
  • Нафақаларни тўлаш ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай амалга оширилади.

Парваришлаш нафақаси
  • Парваришлаш нафақаси ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тайинланади. Бунда, парваришлаш нафақаси ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болага ногиронлик белгиланган муддатга тайинланади;
  • Қонуний вакилга ҳар бир ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши учун алоҳида парваришлаш нафақаси тайинланади.

Парваришлаш нафақаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан берилган ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг ўзгалар парваришига муҳтожлиги тўғрисидаги электрон маълумотга асосан тайинланади.

Парваришлаш нафақаси қонуний вакилга (отаси, онаси, васийси, ҳомийси, оилага тарбияга олувчиси (патронат) ва фарзандликка олувчиси) ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган бола 18 ёшга тўлгунига қадар тайинланади.

Нафақа давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганида Пенсия жамғармасининг бўлими томонидан тайинланади.

  • Нафақа тайинланмаганлик устидан судга шикоят қилиш мумкин. Судга шикоят қилиш тартиби билан танишиш учун ҳаволага ўтинг.
  • Парваришлаш нафақасини тайинлашни сўраб ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ўзгалар парваришига муҳтожлиги белгиланганидан сўнг 60 кун ичида мурожаат этилган бўлса, нафақа уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан эътиборан тайинланади.
  • Нафақаларни тўлаш ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай амалга оширилади.

Боқувчисини йўқотганлик учун олинадиган нафақа

Давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаган вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари боқувчисини йўқотганлик нафақаси олиш ҳуқуқига эгадирлар. Давлат пенсиясини олиш тартиби билан танишиш учун ҳаволага ўтинг.

Қуйидагилар оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари ҳисобланадилар:

  • болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки 18 ёшдан катта бўлса ҳам 18 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар. Бунда ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;
  • ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар;
  • ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;
  • бува ва буви — агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.

Боқувчисини йўқотганлик нафақаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда тайинланади.

Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс вафот этган тақдирда вафот этганнинг оила аъзоларига нафақа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда тайинланади.

Боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинлашни сўраб нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс вафот этган кундан бошлаб 6 ой ичида, нафақа уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан эътиборан тайинланади.

Боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг барчасига битта умумий нафақа тайинланади. Агар оила аъзоси талаб қилса унинг нафақадаги улуши ажратилади ва унга алоҳида тўланади. Бунда тайинланган нафақанинг умумий миқдори олувчиларнинг умумий сонига бўлинади.

Нафақа давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганида Пенсия жамғармасининг бўлими томонидан тайинланади.

Нафақа тайинланмаганлик устидан судга шикоят қилиш мумкин. Судга шикоят қилиш тартиби билан танишиш учун ҳаволага ўтинг.

Нафақа тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатилади
  • давлат пенсияси турларидан бири тайинланганда;
  • нафақа олувчи доимий яшаш учун Ўзбекистондан чиқиб кетганда;
  • нафақа тайинланган шахслар тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда;
  • озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилган тақдирда.
  • Мазкур ҳолатлар тугаганда нафақа тўлаш давом эттирилади.

Нафақа тайинлангандан кейин, нафақа олувчи шахснинг ҳақ тўланадиган ишни бажариши ёки даромаднинг бошқа манбаига эга эканлиги нафақани тўхтатиш учун асос бўлмайди.

Chat