Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14942 марта ўқилди

Асосий тушунча
  • Тармоқли маркетинг — тармоқли ташкилот товарларни мустақил тарқатадиган сотувчи агентлар ташкил этишга асосланган товарларни чакана сотиш тури.
  • Тармоқли ташкилот — Республика ҳудудида мустақил равишда ёхуд тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали савдони амалга оширувчи Ўзбекистон юридик шахси.
  • Сотувчи агент — турғун савдо шохобчалари орқали товарларни бевосита сотувчи, шунингдек уйга буюртма олиш воситасида, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ёки кўчада потенциал харидорлар билан ишлайдиган, даромади фақат сотув ҳажмига боғлиқ бўлган жисмоний шахс – юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор.
  • Турғун савдо шохобчалари — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгилаган жойларда доимий асосда жойлашган савдо объектлари (дўконлар, киоскалар, ларёклар, павильонлар, дорихоналар, оптика, автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари).

Сотувчи агентнинг тармоқли маркетинг орқали чакана савдо қилиши

Тармоқли ташкилот товарларни сотувчи агентлар орқали сотишни шартнома асосида нақд бўлмаган ҳисоб-китоб бўйича амалга оширади. Тармоқли ташкилот улгуржи савдо қилиш учун лицензияга эга бўлиши керак.

Сотувчи агент тармоқли маркетинг орқали чакана савдони турғун савдо шохобчасида амалга оширади.

Сотувчи агент турғун савдо шохобчасидан ташқарида уйга буюртма қабул қилиши, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ёки кўчада савдо қилиш орқали потенциал харидор билан ишлайди.

Сотувчи агент товарни харид қилишга қизиқмаган истеъмолчига товарни зўрлаб тиқиштирмаслиги, уларнинг биринчи талаби билан товарни таклиф қилишни тўхтатиши керак.

Сотувчи агентнинг харидордан буюртма қабул қилиш

Сотувчи агент буюртмани бевосита мулоқот қилиш асосида харидор товарнинг у ёки бу турини харид қилиши учун қабул қилади.

Буюртма икки нусхадаги бланкада расмийлаштирилади ва бланкада қуйидагилар кўрсатилади:

  • буюртма тартиб рақами;
  • сотувчи агент фамилияси, исми, отасининг исми;
  • сотувчи агент ва тармоқли ташкилот ўртасида тузилган шартнома тартиб рақами ва санаси;
  • сотиладиган товар номи, нархи, миқдори ва умумий қиймати, қўшимча хизмат кўрсатилса, кўрсатиладиган қўшимча хизмат қиймати;
  • сотиб олинадиган товарга ҳақ тўлаш усули;
  • буюртма қабул қилинган ва у бажариладиган сана;
  • харидор фамилияси (исми, отасининг исми) ва имзоси.

Буюртма бланкасининг бир нусхаси харидорга берилади, бир нусхаси сотувчи агентда сақланади.

Сотувчи агентнинг харидорни маълумот билан таъминлаши

Сотувчи агент товарни таклиф қилишда харидорни қуйидаги маълумотлар тўлиқ таъминлашга мажбур:

  • ишлаб чиқарувчи тўғрисидаги;
  • келиб чиқиш мамлакати тўғрисидаги;
  • сифат тавсифи тўғрисидаги;
  • бирор-бир чеклашлар бор-йўқлиги тўғрисидаги;
  • бўлиши мумкин бўлган қўшимча тўловлар тўғрисидаги.

Хорижий тижорат ташкилотининг ваколатхонаси орқали биоактив қўшимчалар, дори воситалари ва тиббий буюмларни тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агент томонидан сотилиши тақиқланади.

Қуйидаги ҳолларда тармоқли маркетинг воситасида импорт товарини олиб келиш ва сотишга йўл қўйилмайди:

  • тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳисобланмаган жисмоний шахслар орқали;
  • хорижий тижорат ташкилотининг ваколатхонаси орқали.

Сотувчи агентнинг тўловни қабул қилиши

Сотувчи агент истеъмолчидан тўловни қабул қилишда фақат фискаль хотирага эга бўлган назорат-касса машинасидан ва тўлов терминалларидан фойдаланади ва турғун савдо шохобчасида амалга оширади.

Тармоқли ташкилотлар ва (ёки) уларнинг сотувчи агенти товарларни сотишдан олинган барча нақд пул тушумларини банкка инкассация қилиши (топшириши) керак.

Тармоқли ташкилот мажбурияти

Тармоқли ташкилот фаолиятида қуйидагиларга мажбур:

  • сотиб олинган товарни сотувчи агент фақат нақд бўлмаган усулда сотишга;
  • сотувчи агент билан тузилган шартнома асосида тармоқли маркетингни амалга ошириш учун сотувчи агентни жалб этишга;
  • солиқ ва молия ҳисоботини вақтида тақдим этишга;
  • сотувчи агентга тармоқли ташкилот товарини сотиш ҳуқуқини тасдиқловси гувоҳнома, сотиладиган товарнинг сертификати ва юкхати нусхаларини беришга;
  • сотилмаган товарни қабул қилинган пулни қайтарган ҳолда сотувчи агентдан сўзсиз қайтариб олишга.

18 ёшга тўлмаганларни ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ўқувчисини сотувчи агент сифатида жалб қилиш тақиқланади.

Тармоқли маркетингни амалга оширишда тақиқланган ҳолатлар
  • шартнома тузиш учун сотувчи агент сотиб олиши керак бўлган товар минимал миқдорини белгилаш;
  • тўловни аъзолик бадали шаклида ундириш;
  • шартнома тузилгандан кейин сотувчи агент бошқа сотувчи агентни жалб этиш тўғрисида талаб белгилаш.

Chat