Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 30253 марта ўқилди

Тармоқли маркетинг нима?

Тармоқли маркетинг — товарларни тармоқли ташкилот ташкил этган мустақил сотувчи агентлар орқали чакана сотиш усули.

Сотувчи агент якка тартибдаги тадбиркор сифатида товарларни турғун савдо шохобчасида сотади, шунингдек уйда, ташкилотларда, транспортда ёки кўчада потенциал харидорлардан буюртмалар қабул қилиши мумкин.

Харидорга товарни мажбуран таклиф қилиш мумкинми?

Йўқ. Сотувчи агент товарни сотиб олишга қизиқиш билдирмаган истеъмолчига уни зўрлаб таклиф қилмаслиги керак.

Истеъмолчи товарни таклиф қилишни тўхтатишни сўраса, агент унинг биринчи талаби билан бу ҳаракатни тўхтатиши шарт.

Буюртма қандай расмийлаштирилади?

Буюртма икки нусхада расмийлаштирилади. Унда:

  • буюртма рақами;
  • сотувчи агентнинг Ф.И.О.;
  • агент ва тармоқли ташкилот ўртасидаги шартнома рақами ва санаси;
  • товар номи, нархи, миқдори ва умумий қиймати;
  • қўшимча хизмат қиймати;
  • тўлов усули;
  • буюртма қабул қилинган ва бажариладиган сана;
  • харидорнинг маълумотлари ва имзоси кўрсатилади.

Бир нусха харидорга берилади.

Агент қандай маълумот бериши шарт?

Сотувчи агент харидорга:

  • ишлаб чиқарувчи;
  • товарнинг келиб чиққан мамлакати;
  • сифат хусусиятлари;
  • мавжуд чекловлар;
  • эҳтимолий қўшимча тўловлар ҳақида тўлиқ маълумот бериши шарт.

Қайси товарларни тармоқли маркетинг орқали сотиш мумкин эмас?

Сотувчи агентлар орқали тармоқли маркетинг йўли билан:

  • биологик фаол қўшимчалар (БФҚ);
  • дори воситалари;
  • тиббий жиҳозлар сотилиши тақиқланган.

Шунингдек импорт товарларини тадбиркорлик субъекти бўлмаган жисмоний шахслар ёки чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари орқали тармоқли маркетинг йўли билан олиб кириш ва реализация қилишга йўл қўйилмайди.

Тармоқли ташкилот нимани талаб қила олмайди?

Тармоқли маркетингда:

  • шартнома тузиш учун агентдан мажбурий минимал миқдорда товар сотиб олишни талаб қилиш;
  • агентдан аъзолик бадали ундириш;
  • шартнома тузилгандан кейин агентни бошқа сотувчи агентларни жалб қилишга мажбурлаш тақиқланган.

Шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахсларни сотувчи агент сифатида жалб қилишга йўл қўйилмайди.

Chat