Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9956 марта ўқилди

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш учун туман (шаҳар) ҳудудлари бириктирилган хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Ҳудудларни тозалаш
  • ободонлаштириш объектларида — шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан;
  • кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда — хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бошқарувчи ташкилотлар томонидан;
  • якка тартибдаги турар жой уйлари ва ташкилотларнинг ер участкаларида ажратилган ер участкаси доирасида — жисмоний ва юридик шахслар (ер участкалари эгалари, мулкдорлари ёки доимий фойдаланувчилари, шунингдек, ижарага олувчилар) томонидан;
  • автомобиль йўллари ва сунъий йўл иншоотларида ажратилган ер участкаси доирасида — ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (балансда сақловчилар) томонидан;
  • темир йўлларда ажратилган ер участкаси доирасида (чуқур қиялик ва кўтармалар, темир йўлни кесиб ўтиш ва айланиб ўтиш жойлари ва ҳ.к.) — ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи темир йўл ташкилотлари томонидан;
  • бозорлар ҳудуди ва уларга туташ ҳудудларда — бозорлар маъмурияти томонидан;
  • жамоат йўловчи транспорти бекатларида жойлашган вақтинчалик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида — ушбу объект эгалари томонидан, агар ижара шартномаларида бошқалар назарда тутилмаган бўлса);
  • савдо дўконлари ёки бошқа савдо нуқталарига, шу жумладан, кўчма шохобчаларга туташ ҳудудларда 5 м радиусда — кичик чакана савдо ва умумий овқатланиш (озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва умумий овқатланиш соҳасида хизматлар кўрсатиш палаткалари, дўкончалари), шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш (пойабзал таъмирлаш ва шу кабилар) соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилади.

  • Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда, шартнома асосида амалга оширилади.
  • Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш кўп квартирали турар жой секторида — чиқинди тўплаш шохобчаларидан, якка тартибдаги турар жой секторида эса чиқинди тўплаш шохобчаларидан ёки «сигнал» усулида амалга оширилади.
  • Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан бир кунда бир марта, «сигнал» усулида — уч кунда бир мартани ташкил этади.

Ҳудудлар, бинолар ва иншоотларнинг қаттиқ маиший чиқиндилар билан ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва вақтинча сақлаш учун мўлжалланган махсус чиқинди қутилари ўрнатилади.

Чиқинди қутилари, ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тартибда қуйидагиларда
  • кўп квартирали уйларнинг подъездига кириш йўлида — 1 та;
  • ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотлар, шунингдек, савдо объектларининг биносига кириш (чиқиш) йўлида — 1-2 та;
  • метро, ер ости ва ер усти ўтиш жойларининг ҳар бир кириш (чиқиш) йўлида — 2 та;
  • аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун мўлжалланган объектларда (маданият ва истироҳат боғлари, ўрмон массивлари, боғлар, бульварлар, скверлар, хиёбонлар ва бошқалар) — объектнинг ҳар 800 м2 майдонида 1 та ва йўлаклар ва йўлкалар чизиғи бўйлаб ўрнатилганда бир-биридан 40 метрдан узоқ бўлмаган масофада;
  • бозорлар ва савдо объектларида (супермаркет, гипермаркет ва бошқаларда) — объектнинг ҳар 250 м2 майдонида 1 та ва савдо дўконлари қатори бўйлаб ўрнатилганда — бир-биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;
  • жамоат йўловчи транспорт бекатларида — 1-2 та;
  • автотураргоҳлар ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончаларига кириш (чиқиш) йўлида — 1-2 та;
  • даволаш муассасаларининг ҳовли ҳудудида — объектнинг ҳар 700 м2 майдонида 1 та, асосий аллеяларда эса — бир биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;
  • чекиш учун махсус ажратилган жойларда — 1-2 та;
  • пляжлар ва сув акваториялари (дарёлар, кўллар, кўрфазлар ёки ҳовузлар)га туташ рекреация зоналарида — сув бўлинишидан 15 м ҳамда яшил экинлардан 3 — 5 м узоқликда жойлаштирган ҳолда, объектнинг ҳар 800 м2 майдонида 1 та;
  • кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда ва марказий майдонларда, йўлкаларда ҳамда магистрал кўчаларнинг пиёдалар зонаси бўйлаб, шунингдек, кўприкларда — ҳудуддан фойдаланиш интенсивлигидан келиб чиқиб, пиёдалар серқатнов ҳудудда — ҳар 50 метрдан ошмаган масофада ва одам кам жойларда — ҳар 100 метрдан ошмаган масофада 1 тадан.

Чиқинди қутиларини ўрнатиш, ўз вақтида хизмат кўрсатилишини таъминлаш (тозалаш, бўшатиш, ювиш, дезинфекция қилиш ва таъмирлаш), ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

  • Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, профессионал бошқарув ташкилоти ёки тегишли ҳудудда яшовчиларнинг бевосита мурожаати бўйича чиқиндиларни тўплаш шохобчаларини жойлаштириш жойларини аниқлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қиладилар.

Чиқинди тўплаш шохобчалари турар жой биноларининг деразалари, болалар муассасалари участкаларининг чегараси, дам олиш жойларидан 20 метрдан кам бўлмаган ва 100 метрдан узоқ бўлмаган масофада жойлаштирилади.

Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш
  • кўп квартирали уйларда — қаттиқ маиший чиқиндиларни чиқинди тўплаш шохобчаларига жойлаштиришда контейнерларга ташлайдилар;
  • якка тартибдаги турар жой секторида — қаттиқ маиший чиқиндиларни махсус автотранспорт воситаси «сигнал» усулида, жадвал бўйича келгунига қадар ўз ҳудудларида сақлайдилар ва махсус автотранспорт воситасига жойлаштирадилар.

Бунда, махсус чиқинди қоплари (пакетлар) ёки ғилдиракли ва зич ёпиладиган қопқоқли контейнерлардан (40 — 120 л) фойдаланилиши мумкин.

Йирик габаритли маиший чиқиндилар

Йирик габаритли маиший чиқиндилар 8 — 10 м2дан кам бўлмаган майдонли, сунъий сув ўтказмайдиган қоплама ва ёмғир сувларини оқизиш тизимлари билан жиҳозланган, махсус ажратилган майдончаларда тўпланиши лозим.

Йирик габаритли маиший чиқиндиларни тўплаш учун майдончалар:

  • кўп квартирали турар жой секторида — қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаларига бевосита яқинликда;
  • якка тартибдаги турар жой секторида — майдончанинг 100 — 200 метр радиусдаги самарали қамрови ҳисоби билан энг яқин турар жой ва (ёки) одамларнинг доимий бўлиш жойи объектларигача 20 метрдан яқин бўлмаган масофада ажратилади.

Йирик габаритли маиший чиқиндиларни тўплаш учун майдончаларнинг муқобил варианти бўлиб, мультилифт тизими билан жиҳозланган махсус автотранспорт воситалари ёрдамида ташиладиган, 3 — 6 м3 ҳажмли контейнерларни (алмашадиган кузовларни) ўрнатиш ҳисобланади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида тўплаш ва олиб чиқиб кетиш

Чиқинди тўплаш шохобчаларида алоҳида тўплашни ташкиллаштириш мақсадида мажбурий тарзда қуйидагилар учун тўрт турдаги контейнерлар ўрнатилади:

  • қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар (иккиламчи моддий ресурслар аралашмасидан иборат чиқиндилар) учун — кўк ранг;
  • органик қаттиқ маиший чиқиндилар (озиқ-овқат ва бошқа биологик чирийдиган чиқиндилар) учун — жигарранг;
  • қайта ишланмайдиган қаттиқ маиший чиқиндилар (бошқа маиший чиқиндилар) учун — кулранг;
  • хавфли маиший чиқиндилар учун — тўқ сариқ ранг;
  • Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўлиқ саралаб йиғиш учун ажратиб турувчи рангли ва (ёки) махсус белгилар ҳамда ёзувлар билан маркаланган қўшимча контейнерлар (пластмасса чиқиндилари — сариқ, шиша ва шиша синиқлари — оқ, қоғоз чиқиндилари — ҳаво ранг) ўрнатилиши мумкин.

Chat