Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 58915 марта ўқилди

Президент мактабларининг мақоми

Президент мактаблари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги давлат умумий ўрта таълим муассасалари ҳисобланади.

Президент мактабларида ўқувчиларга бепул умумий ўрта таълим берилади. Мактабларнинг асосий мақсади иқтидорли болаларни аниқлаш, уларга илғор таълим технологиялари асосида таълим бериш ва келгусида мамлакат тараққиётига ҳисса қўша оладиган юқори малакали кадрларни тайёрлашдан иборат.

Президент мактабларининг асосий вазифалари

Президент мактабларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

— иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш;

— табиий ва аниқ фанлар, муҳандислик, ахборот технологиялари ҳамда хорижий тилларни чуқур ўргатиш;

— ўқувчиларнинг танқидий ва ижодий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ҳамда жамоада ишлаш қобилиятларини ривожлантириш;

— ўқув жараёнида замонавий педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш;

— миллий таълим стандартларини халқаро таълим дастурлари билан уйғунлаштириш;

— ўқувчиларни маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотларида ўқишга тайёрлаш.

Президент мактаблари битирувчиларига давлат намунасидаги таълим ҳужжати билан бир қаторда тегишли халқаро таълим дастурлари бўйича диплом ёки сертификатлар берилиши мумкин.

Қабул квотаси

Ҳар бир Президент мактабига бир ўқув йилида 24 нафар ўқувчи қабул қилинади. Улар ҳар бирида 12 нафардан ўқувчи бўлган иккита синфга тақсимланади.

Қабул тенглик, очиқлик, холислик ва шаффофлик принциплари асосида ўтказилади. Имтиҳон натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган номзодлар белгиланган квота доирасида қабул қилинади.

Қабул квотаси — таълим муассасасига бир ўқув йилида қабул қилиниши мумкин бўлган ўқувчиларнинг белгиланган энг кўп сони.

Президент мактабига кимлар ҳужжат топшириши мумкин

Президент мактабига умумий ўрта таълим муассасасининг 4-синфини тамомлаган, математика ва табиий фанлардан йиллик баҳолари аъло бўлган ўқувчилар ҳужжат топшириши мумкин.

Номзод ўзи ўқиётган мактаб жойлашган ҳудуддаги Президент мактабига ҳужжат топширади.

Хорижда таълим олаётган Ўзбекистон фуқаролари ота-онаси ёки қонуний вакилининг доимий яшаш жойи бўйича ҳужжат топшириши мумкин. Бунда ўқувчининг баҳолари кўрсатилган ҳужжат ўзбек тилига таржима қилиниб, нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандлари Ўзбекистон фуқаролари билан тенг тартибда иштирок этади. Чет эл фуқароларининг фарзандлари эса қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари кириш имтиҳонларида иштирок этмайди.

Номзод — Президент мактабига қабул қилиш учун ҳужжат топширган ўқувчи.

Қонуний вакил — боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси.

Ҳужжатларни топшириш

Қабул муддатлари ҳар йили махсус комиссия томонидан белгиланади. Ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 10 календарь кун олдин қабул муддатлари, имтиҳон ўтказиладиган жойлар ва бошқа зарур маълумотлар расмий веб-сайтларда эълон қилинади.

Ҳужжатлар электрон шаклда топширилади. Қуйидагилар талаб этилади:

— ўқувчининг математика ва табиий фанлар бўйича йиллик баҳолари кўрсатилган, мактаб директори томонидан тасдиқланган табель нусхаси;

— охирги икки ой ичида олинган фотосурат;

— туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома маълумотлари;

— ота-она ёки қонуний вакилнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва боғланиш маълумотлари.

Номзод ҳужжат топшириш вақтида Президент мактабидан ташқари қўшимча равишда ўзи ўқиётган ҳудуддаги битта ихтисослаштирилган мактабни танлаши мумкин.

Кириш имтиҳонлари

Кириш имтиҳонлари ҳар йили махсус комиссия белгилаган муддатларда икки босқичда ўтказилади. Номзод имтиҳонни давлат тилида, қорақалпоқ тилида ёки ўз танловига кўра инглиз тилида топшириши мумкин.

Биринчи босқичда математика фанидан 30 та тест топшириғи берилади:

— 10 та осон даражадаги;

— 10 та ўрта даражадаги;

— 10 та мураккаб даражадаги топшириқ.

Биринчи босқич натижаларига кўра ҳар бир ўрин учун энг юқори натижа кўрсатган 20 нафар номзод, жами 480 нафар ўқувчи иккинчи босқичга ўтказилади.

Иккинчи босқичда қуйидаги топшириқлар бажарилади:

— математикадан танқидий фикрлаш ва муаммони ҳал қилишга қаратилган 40 та топшириқ;

— инглиз тили грамматикаси ва матнни тушуниш бўйича 40 та топшириқ.

Қабул жараёнида номзодларга ҳеч қандай имтиёз берилмайди.

Кириш имтиҳони — номзоднинг билим, мантиқий фикрлаш ва тегишли кўникмаларини баҳолаш учун ўтказиладиган синов.

Имтиҳонга кириш ва натижалар

Имтиҳонга кириш рухсатномаси имтиҳон санасидан камида 3 кун олдин номзоднинг шахсий кабинетига жойлаштирилади.

Имтиҳон вақтида телефон, ақлли соат, калькулятор, китоб, луғат, шпаргалка ва бошқа ёрдамчи воситалардан фойдаланиш тақиқланади. Қоидани бузган номзод имтиҳондан четлаштирилади.

Узрли ёки узрсиз сабабларга кўра имтиҳонга келмаган номзодлар учун қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.

Биринчи босқич натижалари имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб 20 кун ичида, иккинчи босқич натижалари эса 30 кун ичида эълон қилинади. Имтиҳон материалларини номзодларга кўрсатиш ёки қайта текшириш назарда тутилмаган.

Chat