Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13300 марта ўқилди

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида асосий даромад манбаларини йўқотган шахсларни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож катламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлашни таъминлаш мақсадида қуйидагилар белгиланди:

2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар:
  • Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондига, «Саховат ва кўмак» фондига, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, шу жумладан уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган:

пул маблағлари ва товарлар (хизматлар)га фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади;

товарлар (хизматлар) қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмайди;

  • Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан, «Саховат ва қўмак» фондидан, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондидан, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган беғараз ёрдам (пул маблағлари, товарлар ва хизматлар)га, агар ёрдам олувчи шахслар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган бўлса, жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди;
  • жисмоний шахсларга турар жойларини жисмоний шахсларга ва коронавирус пандемияси даврида фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларига нотурар жойларни ижарага беришдан олинган жисмоний шахслардан олинадиган даромадлар бўйича солиқни фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилади. Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш бўйича берилган кечиктириш суммаси 2021 йил 1 апрелга қадар муддатгача тенг улушларда тўланиши лозим;
  • лизинг корхоналари томонидан ҳисобланган ва кечиктирилган лизинг бўйича фоиз даромадлари суммаси фойда солиғини хисоблашда кечиктириш берилган даврдаги жами даромад таркибига киритилмайди;
  • тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш Давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш тартиби тадбиркорлик субъектларининг амалдаги кредит шартномаларига ҳам татбиқ қилинади.

Шунингдек, 2020 йилда ходимга тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5-бараваригача оширилади.

Молия вазирлигининг пенсиялар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган, ортиқча тўланган пенсиялар бўйича 2020 йил 20 апрель ҳолатига пенсионерларнинг қарздорлик суммасини ҳисобдан чиқарилади.

2020 йил 1 майдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи шахслардан ташқари) пенсиялар тўлови тўғридан-тўғри Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилади.

Chat