Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10455 марта ўқилди

Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва бюджет харажатларини мақбуллаштиришнинг устувор йўналишлари:
  • коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш;
  • муҳим ижтимоий харажатларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш;
  • жаҳондаги ва республикадаги ижтимоий-иқтисодий фаоллик аҳволи таҳлили ва муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатларни кейинги даврларга кўчириш;
  • давлат дастурларини бажаришга йўналтириладиган бюджет маблағларини қисқартиришда лойиҳаларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлигини инобатга олиш;
  • давлат ички ва ташқи мажбуриятларининг, шу жумладан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;
  • бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатларни мустақил камайтириш бўйича масъулиятини ошириш.

Бюджет тушумларини, республика бюджетидан ажратилаётган трансфертларни, акциз солиғи бўйича ўтказмаларни, бюджет ссудаларини ҳамда бошқа маблағларни биринчи навбатда молиялаштиришга йўналтириладиган соҳалар белгиланди.

Улар қуйидагилар:
  • коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, жумладан дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлашга;
  • иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга;
  • озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга;
  • Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарорига асосан бошқа тадбирлар ва харажатларга.

Молия вазирлиги кечиктириб бўлмайдиган харажатларни ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш учун бюджет ссудаларини мунтазам равишда ажратиб боради.

Бундан ташқари:
  • давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар харажатларини мақбуллаштириш юзасидан уларнинг бизнес-режаларини танқидий қайта кўриб чиқиш;
  • устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар ва ташкилотларда 2019 йил учун олинган ва 2020 йилда олинадиган соф фойда бўйича давлат улушига ҳисобланган дивидендларни тўлиғича Давлат бюджетига ўтказиш;
  • Вазирлар Маҳкамасига коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш даврида фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасида фаолият юритувчи устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар ва ташкилотлар учун товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушум ёки фойдани тақсимлашнинг алоҳида режимини белгилаш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, жорий йил 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, суд ва прокуратура органлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, барча вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий органлари, уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар ва жамғармалар учун ягона меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси берилди.

Chat