Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13031 марта ўқилди

Кимлар ишсиз деб ҳисобланади?

✅ "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, 16 ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган, ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган меҳнатга лаёқатли шахслар (таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно) ишсиз деб эътироф этилади.

Кимлар ишсиз деб эътироф этилмайди?

✅ "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилмайди:

  • меҳнат органларида рўйхатга олинган кундан бошлаб 10 кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни 2 марта рад этган шахслар;
  • рўйхатга олинган кундан бошлаб 10 кун ичида мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган шахслар.

✅ Таклиф этилган ишдан бош тортган кундан ёки мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган кундан бошлаб 30 календарь кун ўтганидан кейингина шахс иш қидираётган сифатида қайта рўйхатдан ўтишга ҳақли бўлади.

Қандай ишлар мақбул келадиган иш ҳисобланади?

 "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, биринчи марта иш қидираётган, касби (мутахассислиги) бўлмаган шахслар учун дастлабки касб тайёргарлигини талаб қилмайдиган иш, бундай ишни топиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда эса, уларнинг ёши ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳақ тўланадиган бошқа иш, шу жумладан вақтинчалик иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланади.

✅ Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун уларнинг касб тайёргарлигига мос бўлган, ёшини, соғлиғи ҳолатини, меҳнат стажини ва аввалги мутахассислиги бўйича тажрибасини, янги иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини инобатга олувчи иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланади.

✅ Ишсизлик нафақасини олиш даври тугаганидан сўнг касби (мутахассислиги) бўйича иш топиб бериш мумкин бўлмаган тақдирда, ишсизнинг қобилиятини, унинг соғлиғи ҳолатини, олдинги иш тажрибасини ва унинг учун қулай бўлган ўқитиш воситаларини инобатга олган ҳолда касбини (мутахассислигини) ўзгартиришни талаб қиладиган иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин.

Қандай ишлар мақбул келадиган иш ҳисобланмайди?

✅ "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, қуйидаги ҳолларда иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас, агар:

  • иш яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ бўлса;
  • таклиф этилган иш доимий яшаш жойидан анча узоқ бўлса ва транспортда қатнаш жиҳатидан қулай бўлмаса. Иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини (йўл қўйилиши мумкин бўлган узоқликни) мазкур жойда жамоат транспорти тармоғининг ривожланганлигини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органи аниқлайди;
  • таклиф этилган ишни рад этиш ишсизнинг соғлиғи ҳолатига, унинг ёшига ва бошқа узрли сабабларга кўра мавжуд монеликларга асосланган бўлса.

Қайси тоифадаги шахсларни ишга жойлаштириш қўшимча равишда кафолатланади?

✅ “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра:

  • ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларга, шу жумладан 14 ёшга тўлмаган болалари ва ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналарга;
  • ўрта махсус таълим муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек касб-ҳунар таълими муассасаларининг ва олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчиларига;
  • Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга;
  • ногиронлиги бўлган шахсларга ва пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахсларга;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахсларга;
  • одам савдосидан жабрланганларга нисбатан ишга жойлаштиришда давлат қўшимча кафолатларни таъминлайди.

✅ Иш берувчи иш жойларининг белгиланган энг кам миқдори ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юбориладиган, юқоридаги руйхатда қайд этилган шахсларни ишга қабул қилиши шарт. Ушбу шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этган иш берувчи ва унинг ваколатли шахслари қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Кимлар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига таклиф этилиши мумкин?

✅ “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари меҳнат органларининг таклифига кўра ва уларнинг иштирокида аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ўз мулкидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳамда шартномалар асосида бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг амалга оширилишини ташкил этадилар.

✅ Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар билан ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун кейинчалик узайтириш ҳуқуқи билан 2 ой муддатгача бўлган муддатли меҳнат шартномалари тузилади.

✅ Жамоат ишларини бажариш чоғида фуқароларга бажарилаётган ишга қараб, бироқ 15 фоизга оширилган ишсизлик нафақасидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш, ана шу ишлар муддатини умумий меҳнат стажига қўшиш, пенсия таъминоти ва вақтинча ишга лаёқатсизлик юзасидан нафақалар олиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ишсиз шахсларга қандай моддий кафолатлар мавжуд?

✅ Давлат ишсиз шахсларга қуйидагиларни кафолатлайди:

  • ишсизлик нафақаси тўлаш;
  • меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшиш;
  • ишсиз шахсга қарамоғидагиларини ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш;
  • ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти;
  • меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш.

Ишсизлик нафақаси кимларга тайинланади?

 Ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тайинланади. Ишсизлик нафақаси кўпи билан:

  • ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга 12 ойлик давр мобайнида 
    26 календарь ҳафта;
  • илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса 12 ойлик давр мобайнида 
    13 календарь ҳафта тўланади.

Мен 2 йилдан бери мактабда қоровул лавозимида ишлаб келаман ва мактаб директори синглисининг турмуш ўртоғи бўламан. Ҳозирда мактаб директори қариндошлик алоқалари мавжудлиги сабабли мени ишдан бўшатмоқчи. Шу қанчалик асосли?

✅ Меҳнат кодексининг 79-моддасига кўра, ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади.

✅ Бу қоидадан истиснолар Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорида белгиланган.

Яқинда ишдан бўшадим лекин 2015-2019 йилларда меҳнат таътилига чиқмаганман. Фойдаланилмаган таътилларни олиш тартиби қандай?

✅ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексинин 151-моддасига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.

✅ Шунга асосан 2015-2019 йиллар мобайнидаги иш даврида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўланади.

Маданият муассасасида ўриндошлик асосида ишлайман. Карантин сабабли иш фаолиятимиз тўхтаган. Бу ҳолатда иш ҳақи сақланадими?

✅ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли Фармони 17-бандига кўра, давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва ўз фаолиятини тўхтатган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимлари иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилиши таъминланади.

Божхона органларига қандай мутахассисликка эга номзодлар ишга қабул қилинади?

✅ Олий маълумотли, ҳуқуқшунос ёки иқтисодий йўналишлардаги (молия, бухгалтерия, божхона иши, банк иши, солиқ, бизнесни бошқариш, маркетинг каби) мутахассисликларга эга номзодлар ишга қабул қилинади. Шунингдек, аэропорт ва хорижий фуқаролар ҳаракати кўп бўлган чегара божхона постларидаги мавжуд бўш лавозимларидан келиб чиқиб, мутахассислиги бўйича чет тилларидан бирида (инглиз, немис, француз, корейс, япон ва хитой) суҳбатлаша оладиган, ёза оладиган ва тушунтириб бера оладиган мутахассислар ҳам ишга қабул қилиниши мумкин.

3 ёшга тўлмаган боласи бор бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларга ҳафтасига иш соати қанча?

✅ 3 ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидаги муассаса ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланган.

Chat