Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 21930 марта ўқилди

Кредитга 50 дона автомашина сотиб олганман. Уларнинг барчасини гаровга қўйиб, суғурта қилдирганман. Суғурта шартномаси кредит муддати даврига тузилган эди. Кредит қарзини муддат тугашидан 2 йил олдин тўладим. Суғурта мукофотини олсам бўладими?

✅ Фуқаролик кодексининг 948-моддасига асосан суғурта шартномаси, агар у кучга кирганидан кейин суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимоли йўқолган ва суғурта хавфининг мавжуд бўлиши суғурта ҳодисасидан бошқа ҳолатлар бўйича тугаган бўлса, тузилган муддати келишидан олдин бекор бўлади.

✅ Суғурта шартномаси юқоридаги кўрсатилган ҳолатлар бўйича муддатидан олдин бекор бўлганда, суғурталовчи суғурта мукофотининг бир қисмини суғурта амал қилган вақтга мутаносиб равишда олиш ҳуқуқига эга.

Иқтисодий судларга давлат божини тўлашда кичик бизнес субъектларига имтиёзлар мавжудми?

 Кичик тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида (мулкий хусусиятга эга даъво аризалари, хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш вақтида келиб чиқувчи низолар бўйича даъво аризаларида ва суд ҳужжатларининг дубликатларини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра иқтисодий суд томонидан ишлардан бошқа ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини берганлик учун) судларга мурожаат қилиш чоғида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди.

Қарздорликни хусусий корхона раҳбаридан ундириш мумкинми?

 “Хусусий корхона тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига асосан, хусусий корхона мулкдори корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда хусусий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонун ҳужжатларига мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади.

Мен қурилиш ташкилоти раҳбариман. Кредит олаётганда унинг таъминоти сифатида қурилиши тугалланмаган бинони гаровга қўйишим мумкинми?

 «Ипотека тўғрисида»ги қонуннинг 63-моддасига асосан, уй қуриш учун кредит ёки аниқ мақсадли қарз берилаётганда ипотека тўғрисидаги шартномада мажбуриятни тугалланмаган қурилиш (ипотекага қўювчи келгусида оладиган мол-мулк ва мулкий ҳуқуқлар) билан таъминлаш назарда тутилиши мумкин.

Банк менинг ҳисобрақамимдан рухсатимсиз давлат ижрочисининг инкассо топшириқномаси асосида қарздорликни ечиб олган. Банкнинг ҳаракати қонунийми?

 Банкнинг ҳаракатлари қонуний асосга эга.

✅ “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида”ги низомнинг 58-бандига асосан инкассо топшириқномаси - маблағларни олувчининг инкассо топшириқномасида кўрсатилган суммани маблағларни тўловчининг ҳисобварағидан сўзсиз равишда ҳисобдан чиқариш бўйича топшириғи назарда тутилган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади.

Кичик тадбиркорлик субъектларига кимлар киради?

  “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга асосан қуйидагилар кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади: 

  • якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • шлаб чиқариш тармоқларидаги ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 20 киши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқлардаги ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 10 киши, улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 5 киши бўлган микрофирмалар;
  • қуйидаги тармоқлардаги кичик корхоналар:
  • енгил, озиқ-овқат саноатидаги ва қурилиш материаллари саноатидаги ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 200 киши; 
  • металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебель саноатидаги, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 100 киши;
  • машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, қурилиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 50 киши;
  • фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа соҳалардаги ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 25 киши.

Технологик асбоб-ускуналарни олиб киришда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериладими?

✅ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик жиҳозлар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш технологик жиҳозларни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши қайд этилган.

✅ “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхати” 2013 йил 20 мартда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2436-сони билан рўйхатга олинган идоралараро қарори билан тасдиқланган.

Chat