Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 27552 марта ўқилди

1. Меҳнат дафтарчасини очиш иш берувчи томонидан амалга ошириладими ёки ходим томониданми?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 81-моддасига асосан иш берувчи корхонада беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт.

2. Шахс ўзининг 30 ёшга тўлган фарзанди ўқиши учун иш ҳақини йўналтирса унинг иш ҳақидан даромад солиғи ушланадими?

Жавоб: Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига  мувофиқ, солиқ тўловчининг қуйидагиларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари:

Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловлардан даромад солиғи ушланмайди. Бу ҳолатда фарзанд 30 ёшга тўлганлиги учун даромад солиғи ушланади.

3. Хусусий фирмада ишлайдиганлар ҳам меҳнат таътилига чиқса бўладими?  Aгар ходимнинг меҳнат шартномасида таътил берилмаслиги ёзилган бўлсачи?

Жавоб: Ҳа, албатта энг камида 15 кун меҳнат таътилига чиқиши керак. Меҳнат кодексининг 5-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас, деб топилади. Демак, меҳнат шартномасининг ўша банди ҳам ҳақиқий эмас.

4. Ўзбекистонда ёшга доир пенсияга чиқиш ёши эркаклар ва аёллар учун неча ёш қилиб белгиланган?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонуни 7-моддасига асосан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:

эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;

аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

5. Икки ёшгача бола пули қаердан берилади?

Жавоб: Агар ишласа иш жойидан, агар ишламаса ва кам таъминланган оила тоифасига кирса фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилиш орқали олиш мумкин.

6. Етмиш ёшдан ошган кекса ёшдаги шахсга қараб турганлик учун ҳам иш стажи ёзиладими?

Жавоб: Мазкур холатда иш стажи ёзилмайди, чунки Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонунининг 37-моддасига кўра, I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ёки 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланган.

7. Иккинчи жаҳон уруши  қатнашчиси бўлган шахсдан ер солиғи ушланадими?

Жавоб: Солиқ кодексининг 436-моддаси 2-бандига асосан, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, ер солиғидан озод қилинган.

8. Ишга киришда дастлабки синов муддати кимларга татбиқ этилмайди?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 84-моддасига мувофиқ, ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.

9. Аёл болани парваришлаш таътили даврида ишлаши мумкинми?

Жавоб: Аёлларга туққунга қадар 70 календарь кун ва туққанидан кейин 56 календарь кун муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Шунингдек, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилади. Бу даврда иш жойи сақланади.

Аёл ўз хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин.

10. Қайси иш вақти тунги иш вақти деб ҳисобланади?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 122-моддасига мувофиқ, соат 22-00 дан 6-00 гача бўлган вақт тунги иш вақти ҳисобланади.

11. Иш берувчи  ходимни  ишда соат 21:00 гача ушлаб қолиб, кейинги куни эса соат 8:00 да ишда бўлишимни талаб қилиши мумкинми?

Жавоб: Йўқ, мумкин эмас. Меҳнат кодексининг 128-моддасига мувофиқ, ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас.

12. Мактабда фаррош бўлиб ишловчи ходимни ойлик иш ҳақи 450.000 сўм бўлиши мумкинми?

Жавоб: Йўқ мумкин эмас. Меҳнат кодексининг 153-моддасига асосан, меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди. Ҳозирги кунда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 679,330 сўмни ташкил этади.

13. Ўзбекистонда ҳарбий хизматга неча ёшгача қабул қилинади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги қонунининг 4-моддасига мувофиқ, тинчлик даврида оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматга, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақириладилар.

Chat