Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3655 марта ўқилди

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш бўйича қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар:
  • ҳар бир оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда мобил гуруҳлар ташкил қилинади ҳамда улар учун соддалаштирилган йўриқнома ишлаб чиқилади;
  • лаборатория текшируви амалиётига хусусий секторни жалб қилган ҳолда экспресс-тест ва иммунофермент таҳлили усуллари киритилади;
  • аҳоли томонидан мурожаат қилинганда ҳамда уларда касаллик белгилари аниқланганда тезкорлик билан коронавирус инфекциясига таҳлил олиш ва таҳлил натижаларини 3 кунлик муддатда уларни шахсий телефон рақамлари орқали хабардор қилиш чоралари кўрилади;
  • тиббиёт муассасалари ўртасидаги ахборот алмашиш тизими соддалаштирилади – ҳисоботлар тури, даврийлиги ва бошқа қоғозбозликлар билан боғлиқ жараёнлар электрон тизимга ўтказилади.

Коронавирусга чалинган беморларга уй шароитида ёрдам кўрсатишнинг тартиби:
  • ҳар бир оилавий поликлиника кесимида умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамшираси учун аниқ хонадонлар тақсимланади ҳамда умумий назорат оилавий поликлиника мудири томонидан амалга оширилади;
  • ҳар бир туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида тажрибали шифокорлардан иборат бўлган касалликка чалинган беморларни саралаш ва эвакуация қилиш, даволаш жараёнини мониторинг қилиш гуруҳлари тузилади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида бирламчи бўғин шифокорлари билан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг врачлари оператив маслаҳатлашиш ва беморлар аҳволини тўғри баҳолай олиш имконини берадиган алоқа тизими ўрнатилади;
  • оилавий поликлиника мудири ҳар куни касаллиги симптомсиз, енгил кечаётган беморлар, улар билан мулоқотда бўлган шахслар сони, аҳволи, шунингдек даволаш муолажаларини олаётган беморларда касаллик кечиш динамикаси тўғрисидаги маълумотларни телефон ёки онлайн видеоалоқа тизими орқали туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг оилавий поликлиникалар бўйича координаторига етказиб боради;
  • уй шароитида даволанаётган беморлар аҳволи динамикасида салбий ўзгаришлар кузатилган тақдирда мобил гуруҳга мурожаат қилиб, беморни туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига тегишли бўлган тиббиёт муассасаларига ётқизиш чораларини кўради.

2021 йил 1 январдан бошлаб:
  • Санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг амалдаги ойлик иш ҳақларига қўшимча равишда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга бўлганда лавозим маошига — 30 фоиз, фан доктори (DSc) илмий даражаларига эга бўлганда — 60 фоиз ҳар ойлик устамалар белгиланади;
  • Санитария-эпидемиология хизматининг илмий-тадқиқот муассасалари:
  • бино ва иншоотларини сақлаш, шунингдек, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобига базавий молиялаштириш асосида амалга оширилади;
  • раҳбар ходимларининг иш ҳақи бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошларига тенглаштирилади;
  • б) Санитария-эпидемиология хизматига моддий-техника базасини яхшилаш ва ходимларни рағбатлантириш мақсадида аҳолига пуллик асосда (лаборатория хизмати, сертификация, экспертиза ва бошқалар) хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади;
  • в) Санитария-эпидемиология хизмати Давлат бюджетидан тизимга ажратилган маблағлар, уларнинг сарфланиш йўналишлари, самарадорлик натижалари юзасидан маълумотларни ҳар ой якуни бўйича жамоатчиликка эълон қилади ва ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.

Chat