Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 25009 марта ўқилди

Махсус турар жойлар
  • ётоқхоналар;
  • вақтинчалик уй-жой фонди уйлари;
  • ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар;
  • болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлар.

Махсус мақсадли уйлардан турар жойлар бериш   

Ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлардан, болалар уйларидан ҳамда бошқа махсус мақсадли уйлардан, уларни тузган орган қарорига биноан турар жойлар берилади.

Ётоқхоналар
  • Ходимлар, хизматчилар, студентлар, ўқувчилар, шунингдек бошқа фуқароларга ишлаш, хизмат ёки ўқиш даврида яшаш учун ётоқхоналар берилиши мумкин.
  • Уйларни  ётоқхоналарга ўтказиш, шунингдек ётоқхоналарга уйлар мақомини бериш уй-жой фондининг мулкдорлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Хизмат турар жойлари

Қуйидаги соҳа вакиллари хизмат турар жойлари олиш ҳуқуқига эга:

  • меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасалари (ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз кексалар учун интернат-уйлар)нинг буғқозон қурилмалари операторлари;
  • насос станциялари, йирик гидроузеллар ва тўғонларга хизмат кўрсатувчи навбатчи техниклар, машинистлар, электр техниклар;
  • коммунал хизмат кўрсатишнинг сув оқизиш-канализация ва газ хўжалиги авария-диспетчерлик хизматлари усталари, слесарлари;
  • йўл оралиқлари усталари, тузатувчилари;
  • газдан муҳофаза қилиш хизмати ходимлари;
  • сув хўжалиги фойдаланиш участкалари бошлиқлари, гидроиншоотларнинг тартибга солувчилари ва гидропостларнинг кузатувчилари, участка гидротехниклари ва гидроўлчовчилари;
  • кабелли (радиореле) кучайтириш пунктларига хизмат кўрсатувчи навбатчи техниклар, радио ва телевизион станцияларга, шунингдек қишлоқ жойлардаги махсус объектларга хизмат кўрсатувчи электр механиклар;
  • электр тармоқлари ва ёрдамчи станцияларнинг навбатчи муҳандислари, кабелли тақсимлаш тармоқларининг навбатчи муҳандислари ва техниклари;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қишлоқ жойлардаги даволаш-профилактика муассасаларининг участка врач-терапевтлари, педиатрлари;
  • ногиронлар ва қариялар уйларининг ҳамда ақлан заиф болалар учун ногирон болалар уйларининг директорлари, врач, (фельдшер)лари, катта тиббиёт ҳамширалари, шунингдек, ушбу болалар уйларининг тарбиячилари, санаторийлар ва дам олиш уйларининг бош врачлари, врач (фельдшер)лари, хўжалик ишлари билан шуғулланувчи ҳамширалари;
  • оилавий болалар уйининг тарбиялаш учун уларга берилган болалар билан бирга яшовчи ота-она-тарбиячилари;
  • ўрмон, қўриқхона, заказник (дахлсиз ўрмон қўриқхонаси), овчилик хўжаликларининг директорлари, ўрмон хўжалиги ходимлари, ўрмон кесувчилари, ёлланган овчилари;
  • бошқа жойлардан вақтинчалик таклиф этилган олий тоифали тренерлар ва спорт усталари;
  • ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ва профессионал ёнғин хавфсизлиги ходимлари;
  • Қуролли Кучларининг казарма — уй-жой фондига ҳамда коммунал иншоотларга хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ ишчи ва хизматчилари, Қуролли Кучларининг зобитлар таркибидаги шахслар, прапоршчиклар, мичманлар ва белгиланган муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчилари;
  • ички ишлар органларининг ходимлари;
  • прокуратура органлари ходимлари
  • туман, шаҳар, вилоят судларининг, Олий суди ва ҳарбий судларининг судьялари;
  • бошқа минтақалардан ишга таклиф қилинган Президент Админстрацияси, Олий Мажлис палатлари котибиятининг, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари аппаратларининг масъул ходимлари
  • депутатлар, Тошкент шаҳрида турар жойга эга бўлмаган Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ўринбосари;
  • Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг ўринбосари;
  • қишлоқ жойларидаги алоқа бўлимларининг бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари.

Фуқароларнинг хизмат турар жойларидан фойдаланиши бўйича шартнома тузиш тартиби
  • Хизмат турар жойлари берилган фуқаро билан хизмат турар жойи мулкдори ёки у томонидан бунга вакил қилинган орган ўртасида хизмат турар жойини сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича шартнома имзоланади.
  • Хизмат турар жойлари фуқаронинг меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатига ёки хизмат даврига, сайлаб қўйиладиган лавозим муддати тугагунга қадар берилади.

Хизмат жойларидани чиқариш
  • Ходимнинг хизмат уйидан фойдаланиш ҳуқуқи меҳнат шартномаси бекор қилиниши билан бир вақтда бекор бўлади.
  • Мазкур уй-жой ходим томонидан 1 ой ичида бўшатиб қўйилиши лозим.
  • Ходим хизмат уйини бўшатишни рад этган тақдирда, суд тартибида кўчириб юборилади.

Қуйидаги тоифалар хизмат уйларидан бошқа турар жой берган ҳолда хизмат турар жойларидан кўчирилиши лозим:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва байналминалчи жангчилар;
  • ҳарбий хизматни ўтаётганида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари;
  • ногиронлиги бўлган фарзандлари бўлган оилалар;
  • тарбиячи-ота-оналар, оилавий болалар уйи тугатилган тақдирда;
  • хизмат турар жойи берган ташкилотларда камида 10 йил ишлаган шахслар;
  • эгаллаб турган лавозими муносабати билан турар жой берилган бўлиб, лавозимидан бўшаган, лекин турар жойни берган корхона, муассаса, ташкилот билан меҳнат муносабатларини узмаган шахслар;
  • ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгариши ёхуд корхона, муассаса, ташкилот тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган шахслар;
  • ўзи ишлаган корхона, муассаса, ташкилотдан пенсияга чиққан ходимлар;
  • хизмат турар жойи берилган шахс вафот этганда, унинг оила аъзолари;
  • вояга етмаган фарзандлари билан бирга яшаётган ёлғиз шахслар.

Chat