Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 24211 марта ўқилди

  • Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар Қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат нотариал идоралари нотариуслари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан амалга оширилади. Нотариусларнинг реестрини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юритади.
  • Бошқа давлатларнинг ҳудудида нотариал ҳаракатларни Ўзбекистон Республикаси консуллари амалга оширади.
  • Нотариал идораларда нотариал иш юритиш қоидаларига мувофиқ олиб боради.

Қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин
  • Йигирма беш ёшдан кичик ва олтмиш беш ёшдан катта бўлмаган;
  • олий юридик маълумотга;
  • юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга;
  • нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган;
  • малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.

► Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди. Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтайди.

Қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин эмас
  • муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;
  • қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
  • нотариус, адвокат, терговчи, суриштирувчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколатлари ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун тугатилган шахс — уч йил мобайнида.


Нотариал ҳаракатларнинг махфийлиги
Нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар тўғрисида ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган маълумотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.


Нотариуснинг ҳуқуқлари

Нотариус қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ўзига мурожаат қилган барча шахслар учун Қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, нотариал ҳаракатни амалга ошириш жойи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно;
  • битим ва аризаларнинг лойиҳаларини тузиш, ҳужжатларнинг нусхаларини ва улардан кўчирмаларни тайёрлаш, шунингдек нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилишига доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;
  • жисмоний ва юридик шахслардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш.
  • давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ҳамда олиш;
  • жисмоний ва юридик шахслар номидан тегишли давлат органларига мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш учун, шунингдек ҳужжатларнинг чет элда амал қилиши учун мазкур органлар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларни олган ҳолда ҳужжатларни легаллаштириш учун мурожаат қилиш.
  • юридик шахсларнинг раҳбар органлари йиғилишларида уларнинг таклифига кўра иштирок этиш.

Нотариуснинг мажбуриятлари
  • жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши;
  • тарафлар тақдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши ҳамда уларнинг мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва ушбу битимларнинг қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши;
  • юридик жиҳатдан бехабарликдан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарига фойдаланилмаслиги учун уларни амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантириши;
  • қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши;
  • нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунийлик бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ёки прокурорга бу ҳақда хабар қилиши;
  • уч йилда камида бир марта ўз касбий малакасини ошириши;
  • суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органлари юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида уларнинг талабига биноан маълумотномалар (маълумотлар) бериши;
  • жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши;
  • кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини, мол-мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, шунингдек мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни давлат солиқ хизмати органига тақдим этиши;
  • автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончномаларни, ушбу воситаларни бошқа шахсга ўтказиш, ижарага бериш, улардан текин фойдаланиш, уларнинг гаров, лизинг шартномаларини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотномаларни ички ишлар органига тақдим этиши;
  • бошқа шахсга ўтказилаётган кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги ва олувчи ҳақидаги маълумотларни ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси туман (шаҳар) филиалига тақдим этиши;
  • битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) кредит бюроларининг сўровига кўра тақдим этиши;
  • битим предмети бўлган кўчмас мулк объектини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) риэлторлик ташкилотининг сўровига кўра тақдим этиши;
  • васият қилувчининг вафотидан кейин манфаатдор шахсларга васиятнома тўғрисидаги маълумотномаларни тақдим этиши;
  • амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг сўровига кўра тақдим этиши шарт.


Электрон нотариус

Портал имкониятлари:

  1. Қабулга ёзилиш - Ўзингизга қулай вақтда ва сиз истаган нотариус қабулига ёзилинг;
  2. Нотариусни қидириш - Харитада энг яқин нотариус ёки нотариал идорани топинг;
  3. Электрон мурожаат - Олди-сотди, айирбошлаш ёки хадя этиш учун электрон ариза беринг;
  4. Хизматлар бўйича маълумот - Ўзингиз қизиқаётган хизмат бўйича маълумот олинг;
  5. Нотариуслар рейтинги - Нотариус ҳақида ўз фикрингизни қолдиринг ва хизмат сифатини баҳоланг;
  6. Очиқ маълумотлар - Нотариал идоралар, нотариуслар ҳамда нотариал ҳизматлар бўйича маълумотлар.
Chat