Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 43444 марта ўқилди

Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

Ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Иш вақти давомийлигининг нормал муддати

Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Иш вақтининг қисқартирилган муддати (ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган) меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан белгиланади: 

  • 18 ёшга тўлмаган ходимларга
    • 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларга 1 ҳафтада 36 соатдан ошмайдиган муддатга);
    • 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган ходимларга 1 ҳафтада 24 соатдан ошмайдиган муддатга;
    • ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўқувчиларнинг ўқув йили давомидаги иш вақти муддати юқорида назарда тутилган тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп муддатининг ярмидан ортиб кетиши мумкин эмас.
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга;
  • ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар;
  • алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар;
  • 3 ёшга тўлмаган болалари бор бюджет ҳисобидан таъминланадиган ташкилотларда ишлаётган аёллар.

Тўлиқсиз иш вақти

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин.

Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон бир тарзда чеклашга асос бўлмайди ва ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

Иш ҳафтасининг тури ва иш вақти режими корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари, бошқа локал норматив ҳужжатлар билан, бу ҳужжатлар бўлмаганда эса, — ходим билан иш берувчининг келишувига биноан белгиланади.

Иш вақтидан ташқари иш

Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин.

Иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига икки кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — бир кунда 2 соатдан) ва йилига 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим

Байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади.

Тунги вақтдаги ишнинг муддати

Соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади.

Тунги иш вақти муддати ҳар бир иш куни учун 1 соатга қисқартирилади.

Дам олиш, тунги ва ишдан ташқари ишларга жалб қилишда қўйилган чекловлар
  • ногиронлиги бўлган шахсларни жалб қилиш уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади;
  • ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз жалб қилишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади;
  • 18 ёшга тўлмаганларни.

Chat