Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 54271 марта ўқилди

Таътил беришнинг умумий тартиби
  • Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин ходимнинг ёзма аризасига асосан берилади. Таълим муассасалари ўқитувчилар таркибига ишга қабул қилиниш вақтидан қаътий назар ёзги таътиллар пайтида ишланган вақтига қараб таътил берилади.
  • Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.
  • Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилиши лозим.
  • 18 ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, шунингдек йиллик қўшимча таътилларни бермаслик тақиқланади.
  • Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади.

6 ой ўтмасдан таътил бериладиган ходимлар тоифалари
  • аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
  • муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;
  • ўриндошлик асосида ишлаётганларга — асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим муассасаларида (умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида) ўқиётганларга;
  • технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга.

Йиллик таътилларнинг муддатини ҳисоблаш
  • Таътилларнинг муддати 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади.
  • Таътил даврига тўғри келиб қолган ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди.
  • Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
  • Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

Йиллик таътилларни бериш навбати ва вақти
  • Йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади.
  • Таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак.

Хоҳишга кўра таътил

Қуйидаги ходимларга таътил уларнинг хоҳишига кўра улар учун қулай бўлган вақтда берилиши керак:

  • 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
  • таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга;
  • жамоа шартномаси, келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
  • ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади.

Таътилдан фойдаланишнинг жадвалда белгиланган вақти ходим билан иш берувчининг келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин.

Таътилни қисмларга бўлиш
  • Ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади. Бунда таътилнинг бир қисми 12  иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.

Таътилдан чақириб олиш
  • Таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан, 12 кундан кейингина йўл қўйилади.
  • Таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки кейинги иш йилининг таътилига қўшиб қўйилиши керак.

Таътилга ҳақ тўлаш
  • Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади.
  • Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади.

Таътилни узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш
  • вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;
  • ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда;
  • йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;
  • давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.

Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътиллар

Ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади:

  • 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахсларга — ҳар йили 14  календарь кунга қадар;
  • ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — ҳар йили 14  календарь кунга қадар;
  • 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга;
  • 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга — ҳар йили 14 календарь кунга қадар.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда йиллик асосий ва қўшимча таътилдан фойдаланиш
  • Меҳнат шартномаси унинг муддати тугаши муносабати билан бекор қилинганда кейинчалик меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш шарти билан, гарчи ҳақиқатда ишланган вақт ҳамда таътил вақтининг умумий йиғиндиси меҳнат шартномаси муддати чегарасидан чиқиб кетса ҳам, таътил берилиши мумкин.
  • Бу ҳолда меҳнат шартномасининг амал қилиши таътил тугагунга қадар узайтирилади.

Фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаш
  • Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.
  • Ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра таътилнинг энг оз муддатидан (15 иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин.
  • Ижтимоий таътилларнинг барча турларидан, шунингдек қўшимча таътиллардан асли ҳолида фойдаланилади ва уларни пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.

Chat