Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 58728 марта ўқилди

Ишдаги камчиликлар учун ходим жазоланиши мумкин.

Ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:
  • ҳайфсан;
  • ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима. Агарда ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган бўлса, ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача жарима;
  • меҳнат шартномасини бекор қилиш.

Бошқа интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади.

Интизомий жазо қўллаш тартиби

Интизомий жазолар ходимни ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади.

Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Тушунтириш хати беришдан бош тортиш жазо қўллашга тўсиқ бўлмайди.

Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.

Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин узоғи билан 1 ой ичида қўлланилади (бу муддатга ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақти ҳисобга олинмайди).

Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 6 ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса, содир этилган кундан бошлаб 2 йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди (жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди).

Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.

Интизомий жазонинг амал қилиш муддати

Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб 1 йилдан ошмаслиги лозим.

Иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг ёки бошқа шахсларнинг илтимосига биноан жазони 1 йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли.

Интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди.

Ходим жазоланганлиги бўйича тегишли органларга шикоят қилишга ҳақли.

Chat