Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9132 марта ўқилди

Ишламайдиган пенсионерларга пенсияларни яшаб турган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимлари тўлайди.

  • Ишлаётган пенсионерларга пенсия иш жойида тўланади.

Пенсионерларга пенсия уларнинг хоҳишига кўра доимий яшаш ёки вақтинча турган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот орқали нақд пулда ёки пенсионернинг хоҳишига кўра пул маблағларини банк картасига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.       


Қариялар ва ногиронлар интернат уйларида яшовчи ва озодликдан маҳрум қилинган шахсларга пенсия тўлаш
  • Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларида (пансионатларда) яшовчи ёлғиз пенсионерларга пенсия билан улар таъминоти учун сарф-харажат ўртасидаги фарқ, бироқ тайинланган пенсиянинг камида 20 фоизи тўланади. Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун интернат уйларида яшовчи пенсионерларга пенсия тўланмайди.
  • Пенсионер озодликдан маҳрум қилинган тақдирда тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган давр учун тўхтатиб қўйилади. Пенсионер озод бўлгандан кейин пенсияни тўлаш Пенсия жамғармаси бўлимига ариза берилган кундан бошлаб тикланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетган фуқароларга пенсиялар тўлаш
  • Доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетишгача тайинланган пенсия (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатлар бундан мустасно) Пенсия жамғармаси бўлимига кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги пенсия миқдори ҳисоб-китобидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси ташқарисига жўнаб кетишдан 6 ой аввал Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида тўланади.
  • Пенсия тўланадиган олти ойлик давр Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш учун кетишдан аввалги олти ой учун пенсия тўлаш учун аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади, бунда ариза берилган ойда ҳисобланган (тўланган) пенсия пули ҳисобга олинади.
  • Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган Ўзбекистон Республикаси ташқарисидаги давлатга доимий яшаш учун кетилган кунгача тайинланган пенсия турар жойидан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача тўланади.

Пенсионернинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсияни тўлаш ва дафн этиш учун нафақа тўлаш
  • Пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади. Ота-онаси, эри (хотини), шунингдек пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзолари бу пулни, улар боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмаганлари тақдирида ҳам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
  • Пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига ушбу ой учун тўлиқ тўланади.
  • Оиланинг бир неча аъзоси мурожаат этган тақдирда пенсиянинг уларга тегишли суммаси уларнинг ўртасида тенг тақсимланади.
  • Пенсионер вафот этган тақдирда унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баробарида  дафн этиш нафақаси тўланади.
  • Кўрсатиб ўтилган пуллар, уларни олиш учун пенсионер вафот этганидан кейин 60 (олтмиш кун) ичида мурожаат этилган тақдирда тўланади.


  • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1140" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.
  • Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1106" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Ҳаётий мисол:

Савол: Ё. исмли шахс пенсия пулидан коммунал тўловлар учун чегирмалар ушлаб қолинаётгани, ушбу ҳаракат тўғри ёки нотўғри эканлиги, умуман қандай ҳолларда пенсиядан чегирмалар ушланишига йўл қўйилиши ҳақида тушунтириш беришни сўради. 

Жавоб: Пенсиялардан чегирмалар:

а) суд ёки нотариал идоранинг ижро ҳужжати ҳамда қонунчиликка мувофиқ суд ҳужжатлари каби ижро этилиши лозим бўлган бошқа органлар ҳужжатлари асосида;

б) Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан — пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин.

Пенсиялардан юқорида кўрсатиб ўтилганидан ташқари бошқа ҳеч қандай чегирмалар қилиш ва ҳар ойлик чегирмалар миқдори пенсиянинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.

Демак, агар коммунал қарздорликни ундириш юзасидан суднинг қарори мавжуд бўлмаса, пенсия пулидан коммунал тўловлар учун чегирмалар ушлаб қолиш ноқонунийдир.

Chat