Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14730 марта ўқилди

Савол: Ш. исмли аёл 3 нафар вояга етмаган фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаб келаётгани, улардан икки нафари мактаб ўқувчиси бўлиб, улар аъло баҳоларга ўқиши ҳақида маълум қилиб, ушбу фарзандлари учун қандай ижтимоий имтиёзлар мавжудлиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ёшлар масалалари бўйича тегишли ҳудудий идоралараро кенгашлари томонидан уларни:

  • замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш;
  • асосий турдаги ўқув қуроллари билан таъминлаш;
  • бадиий китоблар билан таъминлаш;
  • болалар газета ва журналларига обуна қилиш;
  • республика оромгоҳларида дам олишини ташкил этиш;
  • республика бўйлаб саёҳатга бориш ва келиш харажатларини қоплаш йўли билан амалга оширилади.

Савол: М. исмли шахс Ўзбекистон миллий университетида тўлов-контракт асосида ўқиётган 28 ёшли турмуш ўртоғининг контракт пулини ўзининг иш ҳақи ҳисобидан тўлагани, бироқ иш жойидаги бухгалтер контракт пулини тўлашга йўналтирилган иш ҳақи бўйича солиқ ҳисоблаганлиги ҳақида маълум қилиб, бундай ҳолатда иш ҳақидан солиқ ҳисобланиши тўғри ёки нотўғри эканлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловга йўналтириладиган солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди.

Демак, М. исмли шахснинг олий ўқув юртида тўлов-контракт асосида ўқиётган турмуш ўртоғи 28 ёшда бўлганлиги сабабли, контракт пулини тўлашга йўналтирилган иш ҳақи бўйича солиқ тўғри ҳисобланган.

Савол: Ж. исмли шахс Тошкент давлат педагогика университетининг 2-босқич талабаси эканлиги, университет маъмурияти ётоқхонада жой йўқлигини асос қилган ҳолда уни вақтинча турар жой билан таъминланмагани ҳақида маълум қилиб, олий таълим муассасаси талабаларни вақтинча турар жой билан таъминлаш мажбуриятига эга ёки эга эмаслиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Таълим олувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида, таълим ташкилотларида таълим олувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар, стипендиялар ва вақтинча яшаш жойлари билан таъминланади.

Кундузги таълим шаклидаги таълим ташкилотида таълим олувчиларга, шунингдек сиртқи таълим шаклида якуний ва оралиқ аттестация даврида вақтинча яшаш жойлари, улар мавжуд бўлган тақдирда берилади.

Вақтинча яшаш жойлари таълим олувчиларга таълим ташкилоти томонидан белгиланган тартибга мувофиқ берилади.

Демак, вақтинча яшаш жойи мавжуд бўлган тақдирдагина, олий таълим муассасаси талабани вақтинча турар жой билан таъминлаш мажбуриятига эга.

Савол: Т. исмли шахс Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриатини давлат гранти асосида тамомлаганидан сўнг, магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилингани ҳақида маълум қилиб, магистратурани тамомлаганидан сўнг йўлланма асосида ишлаб бериш мажбуриятига эга ёки эга эмаслиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида бакалавриатни тамомлаган битирувчилар магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган тақдирда, камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти магистратурани якунлагандан сўнг амалга оширилади.

Савол: Мен ТДИУ кундузги таълим бўлимининг 2-курс талабасиман. Мен бир вақтнинг ўзида ҳам ишлаб ҳам ўқисам бўладими?

Олий таълим тўғрисидаги Низомнинг 50-бандига мувофиқ, кундузги бўлим талабаларига бўш вақтларида – ўқиш вақтидан ташқари олий таълим муассасаси ва бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси бўйича ишлашга рухсат етилади.

Chat