Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 85623 марта ўқилди

"Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (312-сон, 07.06.2022 й.) қабул қилинди.

Қарор билан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. 

“Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:
  • “Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга;
  • ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланадиган харажатларнинг 75 фоизигача қисмини қоплашга;
  • “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда қоплашга;
  • “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга;
  • мамлакатимиздаги ОТМда ўқиётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб беришга;
  • “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларни БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплашга.

Жамғарма маблағларини шакллантириш, бошқариш ва улардан фойдаланиш мақсадида манфаатдор муассасалар раҳбарлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат таркибда Васийлик кенгаши тузилади.

Васийлик кенгаши раиси ҳар чоракда Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига ҳисобот беради.  

Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади. 

Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига олиб қўйилмайди.

Ҳаётий мисол:

Савол: Ў. исмли шахс оиласи “Темир дафтар”га киритилганлиги, 5 ёшли ўғли оғир аҳволда касал эканлиги, уни даволатиш билан боғлиқ харажатни қоплашга қандай ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш беришни сўраган. 

Жавоб: Ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ёшларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар билан биргаликда, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплашга ҳам йўналтирилади. 

Туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ва «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларини бошқарувчи ҳисобланади. 

Шу сабабли, Ў. исмли шахс аҳволи оғир бўлган бемор ўғлини даволатиш билан боғлиқ харажатни қоплашга ёрдам бериш юзасидан Ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Васийлик кенгаши раисига мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.

Бошқа тегишли мақолалар

Аёллар дафтари

Chat