Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17559 марта ўқилди

Овоз бериш бинолари махсус ажратилган жойлар бўлиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенларини бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак. Сайлов қутилари овоз берувчилар уларнинг ёнига албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари орқали ўтиб келадиган қилиб ўрнатилади. Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбирлар ўтказилишига рухсат этилмайди.

  • Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт.
  • Лозим бўлган даражада жиҳозланган овоз бериш бинолари сайлов комиссияларига сайловдан камида 11 кун олдин тақдим этилиши керак.

Участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар тегишли тарзда жиҳозланиши ва қуйидагиларга эга бўлиши керак.

Овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида 10 кун олдин хабардор қилади.

  • Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.

Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

Участка сайлов комиссиясининг овоз беришдан олдинги фаолияти

Сайлов куни овоз бериш биноси участка сайлов комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда очилади.

Участка сайлов комиссиялари:

  • яширин овоз бериш учун бинони овоз бериш бошлангунига қадар тайёр ҳолатга келтиради;
  • участка сайлов комиссияси аъзолари орасида вазифаларни тақсимлайди;
  • комиссиянинг 2 аъзоси томонидан имзоланган, муҳр билан тасдиқланган сайлов бюллетенларини тайёрлайди.

Овоз бериш тартиби
  • Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.
  • Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «» ёхуд «х» белгисини қўяди.
  • Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.
  • Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш йўли билан) лозим ва алоҳида сақланади.

Сайловчининг турган жойида овоз бериш
  • Айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.
  • Тегишли комиссиянинг камида 2 нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

Сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг турган жойида ўтказилиши мумкин.
  • Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

Участка сайлов комиссиясининг овоз бериш тугаганидан кейинги фаолияти.

Chat