Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18078 марта ўқилди

Ветеринария паспорти нимани тасдиқлайди?

Ветеринария паспорти ҳайвоннинг идентификация рақамига боғланган ҳужжат бўлиб, унда ҳайвон эгаси, касалликлар профилактикаси, эмлаш, ташхис ва даволаш ишларига оид маълумотлар қайд этилади. Ҳайвон эгаси ўзгарганда ҳам паспортга тегишли маълумотлар киритилади.

Ҳар бир сақланаётган ҳайвон учун ветеринария паспорти расмийлаштирилади. Қўй ва эчкилар учун паспортни гуруҳ усулида расмийлаштириш мумкин.

Ҳайвон қачон рўйхатга олиниши керак?

Ҳайвоннинг турига қараб рўйхатга олиш муддати фарқ қилади:

  • қорамол, қўй, эчки ва туя болалари — туғилганидан 14 кун ўтгач, бир ойликдан кечиктирмай;
  • қулун ва хўтиклар — 4 ойлигидан;
  • чўчқа болалари — 1 ойлигидан;
  • ит ва мушуклар — 3 ойлигидан.

Ҳайвон сотиб ёки ҳадя қилиб олинганда янги эгаси доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича давлат ветеринария хизмати вакилига 7 кун ичида рўйхатга қўйиш учун мурожаат қилиши керак.

Паспорт қанча вақтда берилади?

Ҳайвон эгасининг аризаси асосида идентификация қилиш ва рўйхатга олиш ишлари 3 кун ичида амалга оширилади. Идентификация рақами берилганидан кейин ветеринария паспорти 3 иш куни ичида расмийлаштирилади.

Идентификация хизмати қанча туради?

Ҳар бир ҳайвон учун:

  • қорамол, от, эшак ва туя — БҲМнинг 2 фоизи;
  • қўй, эчки ва чўчқа — БҲМнинг 1,5 фоизи;
  • ит ва мушук — БҲМнинг 1 фоизи миқдорида тўлов ундирилади. Қонунчиликда белгиланган айрим ҳудудлар учун тўловдан истисно мавжуд.

Қўй ва эчкиларга гуруҳ паспорти расмийлаштирилганда ҳам идентификация хизмати учун тўлов ҳар бир ҳайвон бўйича алоҳида ҳисобланади.

Паспорт йўқолса нима қилиш керак?

Ветеринария паспорти йўқолса ёки яроқсиз ҳолга келса, давлат ветеринария хизмати вакилига ариза берилади. Янги паспорт — дубликат 3 кун ичида расмийлаштирилади ва дубликат бепул берилади.

Эслатма: ҳайвон эгаси ўзгарганда идентификация рақами алмаштирилмайди, аммо янги эга ҳақидаги маълумотлар электрон тизим ва ветеринария паспортига киритилиши керак.

Chat