Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7528 марта ўқилди

Асосий мақсад - жабрланувчиларнинг, гувоҳларнинг ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига тажовуз таҳдиди мавжуд бўлганда қўлланиладиган, жиноятларнинг олдини олишга ёки уларни фош этишга кўмаклашадиган, хавфсизлик ва ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини ўз ичига оладиган чора-тадбирлар тизимини белгилашдан, шунингдек уларни қўллашнинг асослари ҳамда тартибини аниқлашдан иборатдир.

Ҳимоя қилинувчи шахслар қуйидагилардан иборат:
  • жабрланувчи ва унинг қонуний вакили;
  • гувоҳ;
  • жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси;
  • гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари;
  • маҳкум, оқланган шахс, ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган шахс;
  • фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари;
  • эксперт, мутахассис, таржимон ва холис.

Ушбу шахсларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари ҳам ҳимоя қилинувчи шахслар бўлиши мумкин. Ҳимоя қилиш чоралари жиноят иши қўзғатилгунига қадар аризачига, жиноят шоҳидига ёки жиноятнинг олдини олишга ёхуд уни фош этишга кўмаклашувчи шахсларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Хавфсизлик чоралари қуйидагилардан иборат:

1) ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;
2) шахсни, уй-жойни ва бошқа мол-мулкни қўриқлаш;
3) ҳимоя қилинувчи шахсга махсус индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш;
4) вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш;
5) бошқа яшаш жойига кўчириш, иш (хизмат) ёки ўқиш жойини ўзгартириш;
6) ҳужжатларни алмаштириш;
7) ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилишини чеклаш;
8) қамоқда ёки жазони ўташ жойларида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахсга нисбатан қўшимча хавфсизлик чораларини таъминлаш.

  • 6 ва 7-бандларида назарда тутилган хавфсизлик чоралари фақат оғир ва ўта оғир жиноят ишлари бўйича зарур бўлган ҳолларда амалга оширилади.

  • Ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш хавфсизлик чораларини таъминловчи органнинг қарорига биноан, операторларда турган давлат ахборот-маълумот фондларидаги ва бошқа ахборот-маълумот фондларидаги ҳимоя қилинувчи шахс ҳақидаги маълумотлар берилишига тақиқ ўрнатиш, унинг телефони абонент рақамларини ҳамда унинг фойдаланувидаги ёки унга тегишли транспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

Зарур бўлган тақдирда, вояга етган ҳимоя қилинувчи шахслар ўз розилиги билан, вояга етмаган шахслар эса ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан ўз хавфсизлиги таъминланадиган жойларга жойлаштирилиши мумкин. Мазкур жойда бўлиш муддати ҳимоя қилинувчи шахс ва хавфсизлик чораларини таъминловчи орган ўртасида келишилади.

  • Ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилишини чеклаш жиноят иши материалларидан шахснинг анкета маълумотларини олиб қўйишдан ва уларни асосий иш юритувидан ажратиб сақлашдан, шунингдек бунинг учун тахаллусдан фойдаланишдан иборатдир.

Ҳимоя қилинувчи шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
  • шахсий ва мулкий хавфсизлигини таъминлашни талаб қилиш;
  • ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари қўлланилишини талаб қилиш;
  • ўзига нисбатан, муайян шахсларга нисбатан хавфсизлик чораларининг қўлланилиши ва хусусияти ҳақида билиш;
  • қўшимча хавфсизлик чораларини қўллаш ҳақидаги ёхуд уларни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиш;
  • ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга, прокурорга ёки судга шикоят қилиш;
  • хавфсизлик чораларини таъминловчи органга психологик ёрдам олиш учун мурожаат этиш.

Ҳимоя қилинувчи шахслар мажбуриятлари:
  • хавфсизлик чораларини таъминловчи орган томонидан берилган кўрсатмаларни, шунингдек унинг қонуний талабларини бажариши;
  • ўзига нисбатан қилинган ҳар бир таҳдид ёхуд ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисида хавфсизлик чораларини таъминловчи органни дарҳол хабардор қилиши;
  • хавфсизликни таъминлаш учун ўзига берилган мол-мулкни асраб-авайлаши;
  • ўзига нисбатан қўлланилган хавфсизлик чоралари ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаслиги шарт.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланишга берилган мол-мулк сотиб юборилган, ўзга шахсга бериб юборилган ёки унга шикаст етказилган тақдирда, ҳимоя қилинувчи шахс қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.

Chat