Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18372 марта ўқилди

 

Ер участкаси — қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилмаган ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган ер участкаси.

Ер участкасини хусусийлаштириш — оммавий мулк бўлган ер участкасини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар мулкига ўтказиш.

Ер участкаларини хусусийлаштириш объектлари:
  • юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, шунингдек уларга туташ бўлган, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур ўлчамлардаги ер участкалари;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари;
  • бўш турган ер участкалари;
  • Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкалари.

Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:
  • тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари;
  • рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган, хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари;
  • табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар);
  • хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;
  • эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектларидир.

Чет эллик фуқаролар ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди.

Кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза:
  • Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс томонидан ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки ушбу шахс томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларига, шунингдек уларга туташ бўлган, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур ўлчамлардаги ер участкаларига нисбатан;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахс томонидан ўзига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларига нисбатан берилади.

Ариза ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

  • Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия ариза олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида уни кўриб чиқади ва Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ ўз ижобий ёки салбий хулосасини тузади.
  • Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг хулосаси туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ёки уларни хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади.

Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
  • ер участкаларини хусусийлаштириш учун Қонунда назарда тутилган асосларнинг мавжуд эмаслиги;
  • хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан тугалланмаган суд муҳокамаларининг мавжудлиги;
  • хусусийлаштириладиган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларига нисбатан тақиқнинг ёки хатловнинг мавжудлиги;
  • аҳоли пунктлари тасдиқланган бош режаларининг, шунингдек ариза берилгунига қадар қабул қилинган ҳамда ер участкаларини хусусийлаштиришга бевосита тўсқинлик қилаётган ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, инфратузилма объектларини қуриш тўғрисида ваколатли давлат органлари ҳужжатларининг мавжудлиги;
  • аризада нотўғри, бир-бирига зид бўлган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланганлиги;
  • хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўловнинг белгиланган муддатда (10 иш куни) амалга оширилмаганлиги ёки тўлиқ амалга оширилмаганлиги.

Ер участкаларини хусусийлаштиришни бошқа сабабларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.

Chat