Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8504 марта ўқилди

Табиий эркинлик ҳолатида яшаётган ёввойи ҳайвонларни (уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини) тутиш мақсадида уларни излаш, уларнинг изига тушиш ва уларни таъқиб қилиш, тутишга уриниш ёки тутиш (отиш, тутиб олиш) ов қилишдир.

Қуйидагилар ов қилишга тенглаштирилади:
  • ғилофи ечиб қўйилган ҳолатдаги (йиғилган тарздаги) ов қуроли ва ов қуролларининг бошқа турлари ёки ов маҳсулоти билан ов қилиш жойлари ҳудудида бўлиш;
  • шахсларнинг ғилофи ечиб қўйилган ҳолатдаги (йиғилган тарздаги) ов қуроли билан, ов маҳсулотининг қўлга киритилганлиги қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз (овчилик гувоҳномасисиз, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномасиз, овчилик йўлланмасисиз (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкасисиз) умумий фойдаланишдаги йўлларда бўлиши.

Овчилик хўжаликлари қўриқлаш ходимларининг ўз лавозим мажбуриятларини бажараётганда хизмат қуроли билан овчилик хўжаликлари ҳудудида бўлиши ов қилиш ҳисобланмайди.

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёввойи ҳайвонларни ов қилиш ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади.
  • Тўловлар ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномада кўрсатилган ҳар бир ёввойи ҳайвон учун киритилади. Тўловлар мазкур рухсатномалар берилаётганда киритилади.

Ёввойи ҳайвонларни тутиш учун тўловлар миқдорлари.

Овчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари:

Овчининг ҳуқуқи:

  • ёввойи ҳайвонларнинг рухсат этилган турларини ов қилишни белгиланган жойларда ва белгиланган муддатларда амалга ошириш;
  • қўлга киритилган ов маҳсулотини ўз ихтиёрига кўра тасарруф этиш;
  • ов қилиш, атроф-муҳитни ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг мансабдор шахсларидан ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Овчининг мажбурияти:

  • ов қилишни амалга ошириш чоғида шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, овчилик гувоҳномасини, ов қуролини сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномани, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномани, овчилик йўлланмасини (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкасини) ёнида олиб юриши;
  • овчилик хўжалигининг ва ов қилишга рухсат этиладиган ҳудуднинг чегараларини аниқ билиши;
  • ов қилишга рухсат этиладиган ҳудуддан ташқарида ов қилишни амалга оширмаслиги;
  • ёввойи ҳайвонларни тутиш нормаларига ва ов қилиш муддатларига риоя этиши, ов қилишни ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномада кўрсатилган жойларда амалга ошириши ва бошқалар.

Ов қилиш қуроллари ва усуллари:
  • ов қуролидан;
  • овчи зотига мансуб итлардан, бошқа овга ўргатилган ҳайвонлар ва қушлардан (овчилик гувоҳномасида тегишли қайд мавжуд бўлган тақдирда);
  • ёввойи ҳайвонларни тирик ҳолда тутиб олиш учун тўрлар ва тузоқлардан (ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномада тегишли белги мавжуд бўлган тақдирда);
  • миноралардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органлари томонидан ёввойи ҳайвонларни тутишга доир тасдиқланган квоталарга мувофиқ, рухсатнома берилганлиги учун тўлов киритилганидан кейин берилади.

Chat