Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 29952 марта ўқилди

Марказнинг мақсади

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари 2026 йил 4 августдан Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази ва унинг ҳудудий марказлари деб қайта номланган.

Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида фаолият юритади.

Марказ ва унинг ҳудудий тузилмалари:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига вақтинчалик бошпана беради;
  • тиббий, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий хизматлар кўрсатади;
  • якка тартибдаги реабилитация дастурларини ишлаб чиқади;
  • хотин-қизларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашади;
  • болаларнинг таълим олишини давом эттириш чораларини кўради.

Ҳудудий марказга жойлаштириш

Чуқурлаштирилган реабилитация хизматларидан фойдаланиш истагини билдирган хотин-қиз ва унинг вояга етмаган фарзандлари «Инсон» маркази орқали ҳудудий марказга йўналтирилади.

«Инсон» маркази бўш ўринни аниқлайди, зарур маълумотларни электрон тизим орқали юборади ва ички ишлар органига мурожаат қилади. Ички ишлар органи уларни мурожаат келиб тушган куннинг ўзида ҳудудий марказга олиб боради.

Агар яшаш жойидаги марказда бўш ўрин бўлмаса, яқин ҳудуддаги, хотин-қиз танлаган бошқа ҳудуддаги ёки нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ташкил этилган реабилитация маркази танланиши мумкин.

Марказга жойлаштириш хотин-қизнинг розилиги билан амалга оширилади. Уни мажбуран марказга жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Одам савдосидан жабрланган хотин-қизлар

Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятидаги ихтисослашган ҳудудий марказлар одам савдосидан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини ҳам қабул қилади.

Одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс марказ хизматларидан бир ойгача, жабрланган деб тан олинган шахс эса кўпи билан олти ой фойдаланиши мумкин.

Шошилинч хавф мавжуд бўлса — 102, маслаҳат ва ижтимоий-психологик ёрдам учун 112 ёки 1146 рақамларига мурожаат қилиш мумкин.

Марказ фаолияти Президентнинг ПФ-82-сон Фармони, Президентнинг ПҚ-5116-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 354-сон қарори ва Президентнинг ПФ-146-сон Фармони билан тартибга солинади.

Chat