Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18449 марта ўқилди

Қуриш қоидаларининг вазифаси

Қуриш қоидалари муайян ҳудуд ёки аҳоли пунктида шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, бинолар ва иншоотларни жойлаштириш, ер участкаларидан фойдаланиш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш тартибини белгилайди.

Қуриш қоидалари:

  • ҳудудни режалаштириш тарҳлари;
  • туман ёки туманлар гуруҳини режалаштириш лойиҳалари;
  • аҳоли пунктининг бош режаси;
  • ҳар бир ҳудуд учун белгиланган шаҳарсозлик регламентлари асосида ишлаб чиқилади.

Уларда энергия тежовчи, экологик хавфсиз ва ижтимоий фойдали технологияларни қўллаш учун шарт-шароит яратилиши керак.

Қуриш қоидалари кучга киргунига қадар қонуний тартибда берилган қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлар ўз кучини сақлаб қолади. Бироқ бундай ҳужжатлар асосидаги қурилиш аҳоли хавфсизлиги талабларига жавоб бермаса, уларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Илгари берилган рухсатнома қурилишни хавфсизлик, санитария, ёнғин ва бошқа мажбурий талабларга риоя қилмасдан амалга ошириш ҳуқуқини бермайди.

Ҳудудларни зоналаштириш мақсади

Ҳудудларни зоналаштириш қулай яшаш муҳитини таъминлаш, табиий ва техноген фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, аҳоли ва ишлаб чиқариш объектларининг ҳаддан ташқари зич жойлашиши ҳамда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишга қаратилган.

Зоналаштиришда маданий мерос объектлари, қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмонзорлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва муҳандислик инфратузилмаси ҳам ҳисобга олинади.

Шаҳарсозлик фаолиятига оид чекловлар қуйидаги ҳудудларда белгиланиши мумкин:

  • маданий мерос объектларининг муҳофаза ва қўриқхона зоналарида;
  • муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда;
  • санитария ва санитария-муҳофаза зоналарида;
  • муҳандислик объектларининг муҳофаза зоналарида;
  • фойдали қазилмалар жойлашган ҳудудларда;
  • фавқулодда вазиятлар таъсирига дучор бўлган ҳудудларда;
  • экологик фалокат ва алоҳида табиий-иқлим шароитларига эга зоналарда.

Аҳоли пунктларидаги ҳудудий зоналар

Аҳоли пунктларида қуйидаги ҳудудий зоналар белгиланиши мумкин:

  • турар жой зоналари;
  • ижтимоий-амалий зоналар;
  • ишлаб чиқариш зоналари;
  • муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси зоналари;
  • рекреация зоналари;
  • қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган зоналар;
  • махсус мақсадларга мўлжалланган зоналар;
  • ҳарбий объектлар ва бошқа режимли ҳудудлар зоналари;
  • шаҳар атрофи зоналари.

Маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман ёки шаҳар Кенгаши бошқа ҳудудий зоналарни ҳам белгилаши мумкин.

Ҳар бир зона учун шаҳарсозлик регламентида белгиланган ҳуқуқий режим шу зонадаги барча ер участкалари, бинолар ва иншоотларга бир хил татбиқ этилади.

Турар жой зоналаридаги чекловлар

Турар жой зоналари кўп қаватли, ўрта ва кам қаватли уйлар ҳамда якка тартибдаги уй-жойларни жойлаштириш учун мўлжалланган.

Ушбу зоналарда атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатмайдиган ва санитария-ҳимоя зонасини ташкил этиш талаб қилинмайдиган ижтимоий, маданий-маиший, диний, савдо, хизмат кўрсатиш ва автомобиль тураргоҳи объектлари жойлаштирилиши мумкин.

Бироқ турар жой зоналарида 100 тадан ортиқ ўтириш жойига эга умумий овқатланиш корхоналари, кинотеатрлар, очиқ ёзги саҳналар ва рақс майдончаларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Ишлаб чиқариш ва санитария-муҳофаза зоналари

Ишлаб чиқариш зоналарида саноат, коммунал, омборхона, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектлари жойлаштирилади.

Саноат, коммунал ёки омборхона объектининг санитария-муҳофаза зонасида:

  • уй-жойлар;
  • таълим ва тиббиёт ташкилотлари;
  • дам олиш ва спорт объектлари;
  • боғдорчилик, узумчилик ва полизчилик ерлари жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.

Шаҳар атрофи зоналаридан фойдаланиш

Шаҳар атрофи зонасининг чегараси ва ундан фойдаланиш режими ҳудудий режалаштириш тарҳлари, туманни режалаштириш лойиҳаси ва шаҳарнинг бош режасида белгиланади.

Шаҳар атрофи зоналарида санитария-ҳимоя ва рекреация вазифасини бажарадиган ҳудудлар ажратилади. Бундай ҳудудларда атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатадиган хўжалик фаолияти тақиқланади.

Шаҳар атрофи зонаси чегарасида бинолар ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ёки кенгайтириш шаҳарнинг ижро этувчи ҳокимият органи билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Chat