Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 123696 марта ўқилди

«Темир дафтар» нима?

«Темир дафтар» — ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилаларни аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларини баҳолаш ва ижтимоий хизмат ҳамда ёрдам кўрсатиш учун юритиладиган электрон маълумотлар базаси.

«Темир дафтар» «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида юритилади. Унда оила таркиби, оила аъзолари, оиланинг заиф томонлари ва аниқланган эҳтиёжлари қайд этилади.

Қандай оилалар киритилади?

Қуйидаги ҳолатларнинг тегишли гуруҳ бўйича бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши талаб қилинади:

  1. Оилада меҳнатга лаёқатли шахс бўлмаса ёки ягона боқувчи оғир касал ёки ногиронлиги бўлган оила аъзосини парваришласа, оилада шундай бемор мавжуд бўлса, моддий аҳволи оғир ва уй-жойи йўқ ёки ёмон ҳолатда бўлса.
  2. Оилада меҳнатга лаёқатли шахс бўлмаса ёки ягона боқувчи оғир касал бўлса, оила аъзоси ёлғиз ёки ёлғиз яшовчи ҳисобланса, моддий аҳволи оғир ва уй-жой шароити қониқарсиз бўлса.
  3. Меҳнатга лаёқатли шахс бўлмаса ёки ягона боқувчи беморни парваришласа, оила боқувчисини йўқотган, моддий аҳволи оғир ва уй-жойи йўқ ёки ёмон ҳолатда бўлса.
  4. Ягона боқувчи 3 нафар ва ундан ортиқ вояга етмаган болани тарбиялаётган ёлғиз она, ота, васий ёки ҳомий бўлса, оиланинг моддий ва уй-жой шароити оғир бўлса.
  5. Оиланинг икки ёки ундан ортиқ аъзоси оғир касал ёки I–II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бўлса, оиланинг моддий аҳволи ва уй-жой шароити оғир бўлса.

Қандай мурожаат қилинади?

Оиланинг вояга етган аъзоси:

  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали;
  • бевосита «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилиши мумкин.

Оиланинг оғир аҳволи ижтимоий ходим томонидан хонадонма-хонадон ўрганиш жараёнида ҳам аниқланиши мумкин.

Мурожаат қандай кўриб чиқилади?

Ижтимоий ходим оиланинг ҳолатини 2 иш куни ичида кейс-менежмент усулида ўрганади. Оила белгиланган мезонларга мос келса, бир иш куни ичида «маҳалла еттилиги»га тавсиянома киритилади.

Кейс-менежмент — оиланинг муаммоси, ресурслари ва эҳтиёжларини комплекс ўрганиб, унга мос ижтимоий хизматлар режасини белгилаш усули.

«Маҳалла еттилиги» мурожаатни 3 иш куни ичида кўриб чиқиб, оддий кўпчилик овоз билан киритиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Қарор бир иш куни ичида оилага етказилади.

Қандай ёрдамлар кўрсатилади?

Оиланинг аниқланган эҳтиёжига қараб:

  • «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» орқали ижтимоий ёрдамлар;
  • бандлик, тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначилик дастурлари;
  • «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари;
  • ижтимоий, тиббий, маиший ва бошқа хизматлар;
  • ҳомийлик ва краудфандинг платформаси орқали мақсадли ёрдам кўрсатилиши мумкин.

«Темир дафтар»га киритилган оилага бир йил давомида «Саховат ва кўмак» жамғармасидан бериладиган ёрдамлар сони чекланмайди. Дафтарга киритиш муайян миқдорда пулни автоматик тўлашни англатмайди — ёрдам оиланинг аниқ эҳтиёжига мувофиқ белгиланади.

Қачон дафтардан чиқарилади?

Оила:

  • белгиланган ёрдамлар тўлиқ кўрсатилганда;
  • тўлиқ давлат таъминотига олинганда;
  • ўз аризасига кўра;
  • киритишда нотўғри маълумот берилгани аниқланганда;
  • бошқа давлатга доимий яшаш учун кўчиб кетганда;
  • озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги суд ҳукми кучга кирганда;
  • тегишли шахс вафот этганда ёки бедарак йўқолган деб топилганда дафтардан чиқарилади.
Chat