Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 34776 марта ўқилди

Касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар профессионал таълим муассасалари тоифасига киради.

Коллеж — Халқаро таснифлагичнинг 4-даражасигача мос келувчи таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган вазирликлар ва идоралар тизимида фаолият кўрсатадиган таълим муассасалари.

Техникум — Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасигача мос келувчи ва олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган ҳамда олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият юритадиган таълим муассасалари.

Давлат профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Профессионал таълим муассасаларининг намунавий тузилмалари бўйсунувидаги вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланади.

Профессионал таълим муассасалари ҳудудларнинг демографик, ижтимоий-иқтисодий ва географик шароитларини, меҳнат бозорининг тегишли соҳа мутахассисларига бўлган талабини, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳамда олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. 

Бошқа жойлардан келган ўқувчиларга, имкониятга қараб, профессионал таълим муассасалари учун ётоқхоналар ташкил этилади.

  •  Профессионал таълим муассасаларида қоидага кўра гуруҳларни тўлдириш камида  12 нафар ва энг кўпи билан 30 нафар ўқувчилар доирасида белгиланади.

Бошланғич профессионал таълим муассасалари
  • Касб-ҳунар мактабларига Узбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.
  • Профессионал таълим муассасасига ўқишга ўқувчилар директорнинг буйруғи билан қабул қилинади.
  • Бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида фаолият кўрсатувчи таълим муассасаларида ўқув йили 2 сентябрдан бошланади ва тасдиқланган ўқув жараёни графигига мувофиқ якунланади. 
  • Бошланғич профессионал таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган ва давлат намунасидаги диплом олган битирувчилар мазкур диплом асосида олий таълим муассасаларида таълимни давом эттириш учун ҳужжат топширишлари мумкин.

Ўрта профессионал таълим муассасалари

Ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлаш асосан вазирликлар ва идоралар тизимида фаолият кўрсатадиган коллежларда амалга оширилади ва улар тегишли равишда вазирликлар ва идораларнинг идоравий бўйсунувида бўлади.

Вазирликлар ва идоралар тизимида фаолият кўрсатадиган профессионал таълим муассасасига ўқишга ўқувчилар директорнинг буйруғи билан қабул қилинади.

Ўрта профессионал таълим дастурларида ўқувчилар тўлов-контракт ёки давлат буюртмаси бўйича давлат гранти асосида таълим олишлари мумкин.

Ўқишнинг норматив муддати 2 йилгача бўлгани ҳолда ўқув жараёни 22 — 94 ҳафта давом этиши зарур.

Сиртқи ва кечки таълим шаклларининг ўқитиш давомийлиги кундузги таълим шаклидаги муддатлардан фарқланиши мумкин.

Ўрта махсус профессионал таълим муассасалари

Ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлаш асосан олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият кўрсатувчи техникумларда амалга оширилади ва улар тегишли равишда олий таълим муассасалари, вазирликлар ва идораларнинг идоравий бўйсунувида бўлади. 

Ўрта махсус профессионал таълим дастурларида ўқувчилар тўлов-контракт ёки давлат буюртмаси бўйича давлат грантлари асосида таълим олишлари мумкин.

Ўрта махсус профессионал таълим дастурлари асосида фаолият кўрсатувчи таълим муассасаларида ўқув жараёни қоидага кўра 2 сентябрда бошланади ва тасдиқланган ўқув жараёни графигига мувофиқ якунланади.

Ўқишнинг норматив муддати 2 йилдан кам бўлмагани ҳолда ўқув жараёни камида 94 ҳафта давом этиши зарур.

Кам таъминланган оилалардан ўқувчилар коллежлар ва техникумларда таълим олишлари, белгиланган тартибда бепул амалга оширилади. 

Chat