Олий маълумотга эга бўлган бакалавр ёки дипломли мутахассис бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш ҳуқуқига эга.
Иккинчи олий таълим шартнома асосида амалга оширилади. ОТМ қайси йўналиш ва таълим шаклларида иккинчи олий таълим ташкил этилишини ўз имкониятлари, моддий-техник базаси ва профессор-ўқитувчилар таркибидан келиб чиқиб белгилайди.
Аризалар ҳар йили 10 июлдан 10 августга қадар қабул қилинади.
Мурожаат:
— ЯИДХП;
— Давлат хизматлари маркази;
— Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали амалга оширилиши мумкин.
Давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди. Ариза ҳолатини ЯИДХП ёки махсус платформа орқали кузатиб бориш мумкин.
Диплом ҳақидаги маълумотлар, қоида тариқасида, «Диплом» ахборот тизимидан автоматик олинади. Хорижий дипломлар белгиланган тартибда тан олинган бўлиши керак.
Иккинчи олий таълим учун барча ОТМларга бир хил ягона тест белгиланмаган.
Кириш имтиҳони шакли, баҳолаш мезонлари ва синов муддатларини ОТМ кенгаши мустақил белгилайди.
Ушбу маълумотлар ҳар йили 1 июлга қадар ОТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши шарт.
Эслатма: иккинчи олий таълим учун имтиҳон тартиби ҳар бир ОТМда фарқ қилиши мумкин. Ҳужжат топширишдан олдин танланган ОТМнинг 1 июлга қадар эълон қилинган қабул қоидаларини текшириш керак.
Қабул натижалари ҳар йили 30 августга қадар эълон қилинади. Натижа ариза берувчига ЯИДХП ёки махсус платформа орқали ҳам етказилади.
Талабаликка тавсия этилган шахс билан ОТМ ўртасида шартнома тузилади.
Иккинчи олий таълим учун контракт миқдори муайян йўналишда бир талабани ўқитиш харажатларидан келиб чиқиб ОТМ кенгаши томонидан белгиланади.
Шартномада белгиланган тўлов амалга оширилгандан сўнг талабани қабул қилиш ректор буйруғи билан расмийлаштирилади.
Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимда ўқиш, ўқув режаларидаги фанлар фарқидан қатъи назар, 2-курсдан бошланади.
Ўқиш давомийлиги тегишли бакалавриат йўналиши учун белгиланган умумий муддатдан бир йилга қисқа бўлади.
Таълимни муваффақиятли тугатган шахсга давлат аттестацияси натижаси бўйича давлат намунасидаги диплом ва унинг иловаси берилади.