Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18447 марта ўқилди

Контракт бўйича ҳарбий хизмат — Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида Миллий гвардия орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат.

Номзодларни саралаш босқичлари:
  • номзодни дастлабки ўрганиш (ҳужжатларни йиғиш ва ўрганиш, жисмоний тайёргарлик синови, суҳбат);
  • жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
  • психологик ўрганиш (номзоднинг интеллектуал ривожланганлик даражаси ва психоэмоционал барқарорлигини баҳолаш);
  • тиббий кўрик;
  • махсус текширув.

Саралашда Ўзбекистон Республикасининг умумий ўрта ёки ўрта махсус (бошланғич, ўрта, ўрта махсус профессионал) ёхуд олий маълумотга эга бўлган қуйидаги фуқаролари иштирок этишлари мумкин:     

  • 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган шахслар;
  • муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган 40 ёшгача бўлган шахслар;
  • резервдаги ва захирадаги 40 ёшгача бўлган офицерлар.

Бунда, эркак жинсидаги номзод Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (ўтаётган) ёки сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни ўтаган ёхуд олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик курсларида ўқишни тугатган бўлиши, шунингдек ҳарбий рўйхатда турган бўлиши керак.

Номзод бўйининг баландлиги бўйича талаблари:
  • эркак жинсидаги номзоднинг бўйи — 178 сантиметрдан паст бўлмаслиги керак;
  • аёл жинсидаги номзоднинг бўйи — 170 сантиметрдан паст бўлмаслиги керак.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагини билдирган фуқаро доимий яшаш жойидаги Миллий гвардия бўлинмасига ариза билан мурожаат қилади. Вақтинча яшаш жойи бўйича таҳсил олаётган ёки расмий меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар ушбу ҳудуддаги Миллий гвардия бўлинмасига мурожаат қилишлари мумкин.

Ўрганиш комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этилади:
  • паспорт ёки идентификация ID-картаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);
  • туғилганлик ҳақида гувоҳнома (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);
  • анкета-маълумотнома;
  • умумий ўрта ёки ўрта махсус (бошланғич, ўрта, ўрта махсус профессионал) ёхуд олий маълумотни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (асли кўрсатилган ҳолда);
  • эркак жинсидаги номзодлар учун ҳарбий гувоҳнома (нусхаси олиниб, асли қайтарилади).

Ҳужжатлар тўлиқ ва улардаги маълумотлар тўғри бўлган ҳолларда номзод шу вақтнинг ўзида жисмоний тайёргарлик синовидан ўтказилади. Жисмоний тайёргарлик синовидан муваффақиятли ўтган номзод суҳбатга киритилади.

Chat