Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20455 марта ўқилди

«Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш белгиланган

Хотин-қизларнинг бандлигига қуйидаги йўналишларда кўмаклашилади
  • а) секторлар раҳбарлари туман (шаҳар) инвестиция бўлимлари, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, тижорат банклари ҳамкорликда тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларда хотин-қизлар учун яратилаётган янги иш ўринларига ишга жойлаштириш;
  • б) секторлар раҳбарлари туман (шаҳар) маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан биргаликда мавжуд вакансия ва захира (квота) иш ўринларига ишга жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
  • в) секторлар раҳбарлари туман (шаҳар) маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари билан биргаликда кооперативларга жалб этиш;
  • г) туман (шаҳар) маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, Савдо-саноат палатасининг туман (шаҳар) тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, Давлат солиқ инспекциялари томонидан касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил этиш, тадбиркорликка жалб этиш, ўзини ўзи мустақил равишда банд қилишни ривожлантиришга доир фаолиятни ташкил этиш орқали бандликка кўмаклашиш.

Кўрсатилган кўмаклашиш чоралари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

«Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш

Тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади
  • а) Савдо-саноат палатаси, АТ «Халқ банки», Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар уюшмаси, «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамда ҳудудий хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ва тегишли нодавлат ўқув марказлари жойларда ўқув курсларини ташкил этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ва «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва бизнес лойиҳаларини тузишга кўмаклашади;
  • б) «Микрокредитбанк» АТБ, «Агробанк» АТБ ва АТ «Халқ банки»нинг туман (шаҳар) филиаллари орқали тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кредит ажратилади.

АТ «Халқ банки» «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга кредит олишда кўмаклашиш, бу масалада республикада ажратилган кредитларнинг статистик ҳисоботини юритиш ва кредит ажратилгандан сўнг уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларни мувофиқлаштиришга масъул ҳисобланади. Шу билан бир қаторда, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ишлари самарадорлигини ўрганади ва ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.

Кредитлар «Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

  • Бунда кредитлар 33 миллион сўмгача миқдорда ҳокимлар ёрдамчиларининг тавсиялари асосида ажратилади.
  • Кредитларни илгари олинган кредитлар ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтаришга, шахсий эҳтиёж учун автотранспорт воситаси сотиб олишга, маъмурий харажатларни тўлашга, жумладан, автотранспорт воситасининг таъминоти, мебель, алоқа хизматлари тўлови ва уяли телефон сотиб олишга ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва Марказий банкнинг қоидаларига кўра тақиқланган фаолиятларга ажратишга йўл қўйилмайди.

Кредитлар 14 фоизлик ставкада
  • оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга — 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
  • чорвачилик (четдан келтирилган наслли қўй ва эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун — 1 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
  • боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун — 3 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ажратилади.

Кредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан ажратилади.
«Аёллар дафтари»га киритилган ва ўзини ўзи банд қиладиган хотин-қизларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин.

  • «Аёллар дафтари»га киритилган, бироқ кредит олишни рад қилган хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳаларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастури доирасидаги ресурслар ҳисобидан йиллик 14 фоизлик ставкада имтиёзли кредитлар ажратилиши мумкин.
  • Бунда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш шарти билан самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш Давлат дастурлари доирасидаги ресурслар ҳисобидан 225 миллион сўмдан ортиқ, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланган тартиб асосида кредит ажратилиши мумкин.

Кредит суммасининг аниқ миқдори тадбиркор томонидан иш билан таъминланадиган ҳар бир хотин-қиз учун 33 миллион сўмгача миқдорга мутаносиб равишда белгиланади.

Chat