Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 85912 марта ўқилди

Мақсадли ижтимоий ёрдам нима?

Мақсадли ижтимоий ёрдам — хотин-қизнинг аниқ муаммоси ва индивидуал дастури асосида белгиланган мақсад учун ажратиладиган маблағ, товар, иш ёки хизмат.

«Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг 30 ёшдан ошган хотин-қизларига индивидуал режа асосида, бошқа белгиланган ҳолларда эса «маҳалла еттилиги» тасдиқлаган индивидуал дастур ва Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ сарфланади.

Қандай ёрдам турлари мавжуд?

Жамғарма ҳисобидан, жумладан:

  • хотин-қизлар бандлиги ва ижтимоий фаоллигига қаратилган лойиҳага 60 БҲМгача грант;
  • олий таълим тўлов-контрактининг 50 фоизини, бироқ 50 БҲМдан ошмаган қисмини қоплаш;
  • жарроҳлик амалиётисиз даволаниш учун 50 БҲМгача, жарроҳлик учун давлат тиббий суғуртасида белгиланган базавий нарх доирасида маблағ;
  • турар жой ижарасининг 50 фоизини, бироқ ҳар ой 2 БҲМгача, Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида 3 БҲМгача қоплаш;
  • уй-жойни таъмирлаш учун 50 БҲМгача бир марталик ёрдам;
  • психологик хизматлар ва муайян ҳуқуқий харажатларни қоплаш назарда тутилган.

Ёрдам кимларга берилади?

Ҳар бир ёрдамнинг алоҳида мезони мавжуд. Масалан, контракт ва айрим тиббий ёрдамлар Ижтимоий реестрдаги оилаларнинг 30 ёшдан ошган хотин-қизларига, уй-жой таъмири эса Ижтимоий реестрдаги ёки ҳар бир оила аъзосига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 бараваригача бўлган оилаларнинг 30 ёшдан ошган хотин-қизларига берилиши мумкин.

«Аёллар дафтари»га киритилганлик барча ёрдам турларини автоматик олиш ҳуқуқини бермайди. Ёрдам олувчи тегишли паспортда кўрсатилган ёш, даромад, Ижтимоий реестр, таълим, тиббий ёки уй-жой мезонларига жавоб бериши керак.

Ёрдам нақд пулда бериладими?

Ёрдам шакли унинг турига боғлиқ. Кўп ҳолларда маблағ хотин-қизнинг қўлига нақд берилмайди:

  • контракт пули таълим ташкилотига;
  • даволаниш маблағи Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ёки тиббиёт ташкилотига;
  • ижара компенсацияси шартнома асосида;
  • қурилиш материаллари ва таъмир харажати етказиб берувчига;
  • ҳуқуқий ёки психологик хизмат ҳақи хизмат кўрсатувчига ўтказилади.

Қандай мурожаат қилинади?

Хотин-қиз эҳтиёжини «маҳалла еттилиги»га, хотин-қизлар фаолига ёки «Аёллар дафтари» ахборот тизими орқали маълум қилади. Муаммо ўрганилиб, дафтарга киритиш ва индивидуал дастурни тасдиқлаш масаласи ҳал этилади.

Жамғарма маблағи ҳисобидан ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаат ишчи орган томонидан кўриб чиқиш учун Васийлик кенгашига тақдим этилади. Қабул қилинган қарор мурожаатчига «маҳалла еттилиги» орқали етказилади.

Ёрдам такроран берилиши мумкинми?

Даврийлик ёрдам турига қараб фарқ қилади. Масалан, ижтимоий лойиҳа гранти ва даволаниш ёрдами бир йилда бир марта, уй-жой таъмири ва контракт тўлови эса белгиланган шартлар асосида бир марта берилади.

Chat