Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18936 марта ўқилди

Қайта ишлаш режими нимани англатади?

Божхона ҳудудида қайта ишлаш режими хорижий товарларни белгиланган талабларга мувофиқ Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кириб, уларни қайта ишлаш ва қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик тегишли божхона режимига жойлаштириш имконини беради.

Соддалаштирилган тартиб 2022 йил 1 майдан амал қилади.

Қандай операциялар қайта ишлаш ҳисобланади?

Қайта ишлаш операцияларига, жумладан:

  • товарларни қайта ишлаш ва ишлов бериш;
  • бошқа товарни тайёрлаш, монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш;
  • товарни таъмирлаш, тиклаш ва таркибий қисмларини алмаштириш;
  • қадоқлаш ва қайта қадоқлаш;
  • саралаш ва тозалаш;
  • бошқа товарларга мослаштириш;
  • ускуналарни модернизация қилиш киради.

Қандай енгилликлар белгиланган?

Товар божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштирилаётганда унинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив талабларга мувофиқлигини мажбурий тасдиқлаш ва санитария-эпидемиологик хулоса тақдим этиш талаб қилинмайди.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормалари белгиланган тартибда бошқача тасдиқланмаган бўлса, қайта ишловчи субъект томонидан белгиланади ва божхона органига тақдим этилади. Бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш учун контрактлар сонидан қатъи назар 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга умумий рухсатнома берилиши мумкин.

Махсус иқтисодий зона иштирокчилари ва ваколатли иқтисодий операторларга белгиланган ҳолларда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тартиби қўлланилмайди. Қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган чиқиндиларни эркин муомалага чиқариш режимига жойлаштиришда эса божхона божи ундирилмайди.

Қачон рухсатнома талаб қилинмайди?

Агар божхона ҳудудида қайта ишлаш режимини қўллашнинг мақсади товарни таъмирлаш бўлса, қайта ишлаш учун рухсатнома талаб этилмайди.

Берилган рухсатнома кейинчалик бошқа шахсга ўтказилиши мумкин, агар у ушбу рухсатнома бўйича барча мажбуриятларни ўз зиммасига олса. Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг аризасига кўра рухсатномадаги чиқиш нормалари, қайта ишлаш манзили, тарафлар реквизитлари ва қайта ишлаш муддатига қонунчиликка зид бўлмаган ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Chat