Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 31714 марта ўқилди

Oyina

Ёрдам кимларнинг оиласига берилади?

Ёрдам хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетган Ўзбекистон фуқаросининг мамлакатдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аъзоларига берилади.

Ёрдам ва йўлланмаларни олиш учун меҳнат мигранти меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Амалда хорижда ишлашга оид маълумотлар «Xorijda ish» электрон мажмуаси орқали юритилади.

Меҳнат мигранти — хорижий давлатда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароси.

2 БҲМ миқдоридаги ёрдам кимга берилади?

Боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва Ижтимоий реестрга киритилган оилага ҳоким ёрдамчисининг ёзма тавсияси асосида БҲМнинг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.

Ёрдам оилага ҳар йили ажратиладиган Касаба уюшмалари федерацияси маблағлари доирасида кўрсатилади.

5 БҲМ миқдоридаги ёрдам кимга берилади?

Меҳнат мигрантининг ногиронлиги бўлган оила аъзоси:

  • Ижтимоий реестрга;
  • «Темир дафтар»;
  • «Аёллар дафтари»;
  • «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган бўлса,

дори-дармон, ногиронлик аравачаси, эшитиш аппарати ёки ортопедик маҳсулот харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам олиши мумкин.

Ёрдам ҳоким ёрдамчисининг ёзма тавсияси асосида кўрсатилади.

Санаторий йўлланмаси кимга берилади?

Меҳнат мигрантининг Ўзбекистондаги оила аъзоси:

  • пенсия ёшига етган;
  • ёки I–II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бўлса,

касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ёки профилактик даволаниш муассасасига бир марталик бепул йўлланма олиши мумкин.

Йўлланма мавжуд ўринлар ва ажратилган маблағлар доирасида берилади.

Болалар оромгоҳига йўлланма бериладими?

Меҳнат мигрантининг фарзанди Ижтимоий реестр ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган бўлса, маҳалладаги ёшлар етакчисининг тавсияси асосида мавсумий болалар оромгоҳига бепул йўлланма берилиши мумкин.

Қандай мурожаат қилинади?

Талабгор меҳнат миграцияси электрон тизими орқали ариза юборади. Мурожаат келиб тушгач:

  • талабларга мувофиқлик 5 кун ичида идоралараро ахборот орқали текширилади;
  • ахборот тизимларида мавжуд қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмайди;
  • ҳоким ёрдамчиси ёки ёшлар етакчисининг тавсияси олинади;
  • талабларга жавоб берувчилар рўйхати ҳар ойнинг 25-санасигача Касаба уюшмалари федерациясига юборилади.

Ариза рад этилса, рад этиш сабабини сўраш, нотўғри маълумотни тузатиш ва қарор устидан Миграция агентлигига, юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Chat