Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9838 марта ўқилди

Нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатлари қуйидагилардан иборат:

  • муассислар (аъзолар) томонидан тасдиқланган устав;
  • қатнашчилар томонидан тузилган таъсис шартномаси ва улар тасдиқлаган устав — уюшма (иттифоқ) учун.

Нодавлат нотижорат ташкилоти таъсис ҳужжатларининг талаблари нодавлат нотижорат ташкилотининг ўзи учун, унинг муассислари ва қатнашчилари (аъзолари) учун мажбурийдир.

Таъсис шартномасида тарафлар (муассислар) нодавлат нотижорат ташкилотлари уюшмасини (иттифоқини) тузиш мажбуриятини оладилар, уни тузиш соҳасида биргаликда фаолият кўрсатиш тартибини, унга ўз мол-мулкини бериш ҳамда унинг фаолиятида иштирок этиш, нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятини бошқариш, муассисларнинг унинг таркибидан чиқиш шартларини белгилаб берадилар. Таъсис шартномасига муассисларнинг келишувига биноан бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг уставида қуйидагилар назарда тутилади:

  • нодавлат нотижорат ташкилотининг номи, мақсад ва вазифалари, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, у ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд;
  • нодавлат нотижорат ташкилотининг тузилмаси ва раҳбар органлари, заруратга қараб унинг назорат-тафтиш органлари (ижтимоий фондлар учун — мажбурий) ёки аудиторларни (аудиторлик фирмаларини) жалб этишнинг мажбурийлиги;
  • раҳбар органларнинг ваколат доираси ва уларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколат муддатлари, доимий асосда ишлайдиган раҳбар орган жойлашган ер;
  • аъзолик белгиланган бирлашмалар учун — аъзо бўлиш ва аъзоликдан маҳрум бўлиш шартлари ва тартиби, аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни шакллантириш манбалари, нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг таркибий бўлинмаларининг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари;
  • қайта ташкил қилиш ва тугатиш тартиби;
  • уставга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тартиби.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг уставида унинг рамзий белгилари тавсифи бўлиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилоти байроқ, эмблема, вимпел ва бошқа рамзий белгиларга эга бўлиши мумкин. Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари давлат рамзий белгиларига ўхшамаслиги керак.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари уставга мувофиқ унинг раҳбар органи томонидан тасдиқланади ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Chat