Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 28577 марта ўқилди

Марказлар қандай мақомга эга?

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази — маҳаллада хотин-қизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш ва соғломлаштириш хизматларини ташкил этиш учун барпо этиладиган марказ.

Марказлар ҳар бир маҳаллада ташкил этилади ва юридик шахс ҳисобланмайди. Марказ бинолари тикувчилик, қандолатчилик, фитнес, шейпинг ва касбга ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорларга 5 йилга ижарага берилиши мумкин.

Марказларда қандай фаолият ташкил этилади?

Марказларда:

  • хотин-қизларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш;
  • тикувчилик, қандолатчилик, пазандачилик ва ҳунармандчиликка ўқитиш;
  • меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўргатиш;
  • фитнес ва шейпинг машғулотларини ташкил этиш;
  • соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятни тарғиб қилиш;
  • хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашиш йўналишларида лойиҳалар амалга оширилиши мумкин.

Қайси хотин-қизларга устувор эътибор берилади?

Лойиҳаларда, жумладан:

  • Ижтимоий реестр ёки «Аёллар дафтари»га киритилган;
  • ишсиз, айниқса қишлоқ жойларда бола тарбиялаётган;
  • хорижий меҳнат миграциясидан қайтган;
  • меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган ишсиз;
  • норасмий меҳнат билан шуғулланаётган;
  • одам савдоси, тазйиқ ёки зўравонликдан жабр кўрган;
  • мактаб ёки профессионал таълимни тугатиб, ишсиз қолган;
  • жазони ижро этиш муассасасидан қайтган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат гранти кимга ва қанча миқдорда берилади?

Давлат гранти — ижтимоий лойиҳани амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектига қайтариб берилмайдиган асосда ажратиладиган маблағ.

Битта лойиҳа доирасида 20 нафаргача хотин-қизнинг доимий бандлиги таъминланиши мумкин. Бандлиги таъминланадиган ҳар бир ишсиз хотин-қиз учун тадбиркорлик субъектига 3 миллион сўмдан ошмаган миқдорда грант ажратилади.

Грант хотин-қизга бевосита нақд пул шаклида берилмайди. У иш ўрни яратаётган тадбиркорнинг лойиҳасига ажратилади.

Грант маблағи нимага ишлатилади?

Грант:

  • тикувчилик ва қандолатчилик ускуналари;
  • пазандачилик ва ҳунармандчилик жиҳозлари;
  • ишлаб чиқариш дастгоҳлари;
  • фитнес ва соғломлаштириш анжомлари;
  • лойиҳада назарда тутилган бошқа зарур жиҳозларни харид қилишга йўналтирилади. Маблағлардан мақсадли фойдаланилиши назорат қилинади ва тадбиркор ҳар чоракда ҳисобот тақдим этади.

Грант олиш учун қандай ҳужжатлар берилади?

Тадбиркор маҳалла фуқаролар йиғини орқали:

  • ижтимоий лойиҳа ва бизнес-режани;
  • фаолият йўналиши ва яратиладиган иш ўринлари ҳақидаги маълумотни;
  • сўралаётган грант миқдори ва харид қилинадиган жиҳозлар рўйхатини;
  • давлат рўйхатидан ўтганлик гувоҳномасини;
  • марказ биноси бўйича ижара шартномаси нусхасини туман ёки шаҳар ишчи гуруҳига тақдим этади.

Лойиҳа қандай кўриб чиқилади?

Маҳалла тақдим этилган ҳужжатларни 3 кун ичида ишчи гуруҳга юборади. Ишчи гуруҳ лойиҳани 5 кун ичида ўрганади, ҳудудий даражадаги таклифлар эса 2 кун ичида умумлаштирилади.

Лойиҳалар республика комиссияси томонидан ҳар чоракда кўриб чиқилади. Грант ажратиш ҳақида қарор қабул қилингач, маблағ лойиҳадаги жиҳозларни харид қилиш учун тадбиркорнинг ҳисобварағига 15 иш куни ичида ўтказилади.

Иш излаётган хотин-қиз қаерга мурожаат қилади?

Марказдаги лойиҳаларга ишга жойлашиш ёки касбга ўқиш масаласида маҳалладаги хотин-қизлар фаолига ёки марказда фаолият юритаётган тадбиркорга мурожаат қилиш мумкин.

Грант ёки лойиҳани кўриб чиқиш жараёнида низо келиб чиқса, у қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

Chat