Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8856 марта ўқилди

Прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари нималардан иборат?
  • вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш;
  • фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижроси устидан назорат қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳарбий тузилмаларида қонунларга риоя этилиши устидан назорат қилиш;
  • тезкор-қидирув фаолиятни, терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширадиган органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш ҳамда уларнинг жиноятчиликка қарши кураш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • жиноятлар юзасидан дастлабки тергов олиб бориш;
  • судларда жиноят ишлари кўриб чиқилаётганда давлат айбловини қувватлаш, судларда фуқаролик ишларини, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳамда иқтисодий низоларни кўришда иштирок этиш, қонунларга зид бўлган суд ҳужжатларига протест келтириш;
  • солиқ интизомини мустаҳкамлашга, солиқ, валюта соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашга, шунингдек давлатга етказилган иқтисодий зарарни қоплашга қаратилган қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш;
  • ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни сақлаш жойларида, жиноий жазоларни ва жиноят-ҳуқуқий таъсирнинг бошқа чораларини ижро этиш чоғида қонунларга риоя этилиши устидан назорат қилиш;
  • қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишида иштирок этиш.

Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига мурожаатни онлайн юбориш учун ҳаволага ўтинг.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори қабулига ёзилиш учун ҳаволага ўтинг.

Манзил: 00047, Академик Я.Ғуломов кўчаси, 66;

Тел: 0 (371) 232-1007; (ишонч телефони 1007)

Факс: 0(371) 232-1007;

Веб-сайт: www.prokuratura.uz


Давлат органларига мурожаатга қўйиладиган талаблар қандай?

Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари кўрсатилиши мумкин.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Давлат органларининг мурожаатларни кўриб чиқиш муддати неча кундан иборат?

Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида кўриб чиқилади.

Қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда - 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга 10 кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

Коррупция нима?

Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.

Манфаатлар тўқнашуви — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.

 

Коррупцияга қарши курашишни бевосита амалга оширувчи давлат органлари:

Коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 6111931 ва 1932-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар.

Коррупцияга оид жиноятлар — Жиноят кодексининг 167-моддасининг иккинчи қисми «г» банди, 168-моддасининг учинчи қисми «в» банди1929 ва 19210205209 — 214-моддалари243-моддасида назарда тутилган жиноятларни мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиш ҳамда 301-моддасида кўрсатилган жиноятлар.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги сайти.

Коррупцияга ҳақида хабар берганлик шахсларга қанча миқдорда пул мукофотлари берилади?

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар қуйидаги миқдордаги бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

а) коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун — БҲМнинг 3 баравари миқдорида;

б) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 30 бараваригача бўлса:

  • ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 5 баравари миқдорида;
  • унча оғир бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 7 баравари миқдорида;
  • оғир жиноят учун — БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
  • ўта оғир жиноят учун — БҲМнинг 15 баравари миқдорида;

в) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 30 бараваридан 100 бараваригача бўлса:

  • ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун - БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
  • унча оғир бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 15 баравари миқдорида;
  • оғир жиноят учун — БҲМнинг 20 баравари миқдорида;
  • ўта оғир жиноят учун — БҲМнинг 25 баравари миқдорида;

г) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 100 бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:

  • анча миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг 15 фоизи миқдорида;
  • кўп ёки жуда кўп миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида.

Бунда пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматини фоизларда ҳисоблашда қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорнинг энг кам миқдоридан келиб чиқилади.

д) қидирувда бўлган шахснинг яширинган жойи ҳақида хабар берганлиги учун БҲМнинг 5 баравари, икки ёки ундан ортиқ қидирувда бўлган шахсларнинг яширинган жойи ҳақида бир вақтда хабар берганлиги учун эса — БҲМнинг 7 баравари миқдорида.

Chat