Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8007 марта ўқилди

Давлат томонидан туризм соҳасига бўлган эътибор қандай?

Давлатнинг туризм соҳасидаги сиёсати қўйидагиларга йўналтирилган:

  • мазкур соҳани мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш;
  • саёҳатларни амалга ошириш чоғида фуқароларнинг дам олиш, эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларини ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш;
  • туристик ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни сақлаш;
  • норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
  • ички туризмни ривожлантириш, шу жумладан ижтимоий туризмни ривожлантириш доирасида болалар, ёшлар, кексалар, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун туризм ҳамда экскурсияларни ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва инвестициялар киритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
  • мазкур соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;
  • тадбиркорлик субъектлари учун туристик хизматлар бозорида тенг имкониятлар яратиш;
  • туризм соҳасининг субъектларига солиқ ва божхона имтиёзларини белгилаш орқали рағбатлантириш;
  • туристлар ва экскурсантларнинг хавфсизлигини, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ва мол-мулки ҳимоя қилинишини таъминлаш;
  • илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ривожлантириш;
  • кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
  • Ўзбекистон Республикасининг туризм учун жозибадор мамлакат сифатидаги нуфузини ошириш;
  • туризм соҳаси субъектларини улар туристик бозорларда миллий туристик маҳсулотни тарғиб қилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
  • илғор инновацион ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини рағбатлантириш;
  • туристик зоналар ва туристик кластерларнинг ривожлантирилишини рағбатлантириш.

Ички туризмни ривожлантириш учун қандай давлат дастурлари мавжуд?

Республика иқтисодиётида туризмни стратегик даражага кўтариш, ички туризм хизматларини диверсификация қилиш ва ҳажмини кескин кўпайтириш, фуқароларни мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан таништириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тақдим этилаётган туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, замонавий хизматлар инфратузилмасини жадал ривожлантириш, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромад манбаини кенгайтириш мақсадида 2022 йил 1 июндан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида:

  • жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилади;
  • саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.

Туризм соҳасида табдиркорликни йўлга қўймоқчиман, давлат томонидан қандай молиявий кўмакка умид қилсам бўлади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида"ги фармонига асосан 2022 йил 1 майдан бошлаб ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳар бир ташаббускорга 50 млн сўм миқдорида, жами 10 млрд сўмгача грантлар ажратилади.

Бунда:

  • грант маблағлари онлайн тўловларни қабул қилувчи замонавий веб-сайт яратишга, хорижий мамлакатлардаги туризм кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этишга йўналтирилади;
  • грант маблағлари белгиланган тартибда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига уч йил давомида камида 200 нафар хорижий туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан ажратилади.

Давлатимизда туризм соҳасида Туркий давлатлар билан ҳамкорлик борасиза қандай янгиликлар мавжуд?

Ўзбекистон Республикасининг Президентининг "Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан қуйидагиларни назарда тутувчи туркий дунё доирасида «Табаррук зиёрат» туризм концепцияси тасдиқланган:

  • Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан туризм соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш;
  • зиёрат ва маданий мерос объектларига турларни ташкил қилиш ва янги саёҳат маршрутларини ишлаб чиқиш;
  • зиёрат ва маданий-тарихий туризм доирасида мунтазам тарғибот тадбирларини ташкил этиб бориш;
  • Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Термиз ва бошқа тарихий шаҳарларда буюк алломаларнинг илмий ва маданий мероси тўғрисида семинар, симпозиум, конференция, илмий-амалий анжуманлар ўтказиш ҳамда илмий-оммабоп нашрларда материаллар эълон қилиш орқали сайёҳларни жалб этиш;
  • Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорликда илмий-таҳлилий материаллар, бадиий, театр ва кино асарлари, видеороликлар, китоблар, тарқатма материаллар ва бошқа кўринишдаги тарғибот материалларини тайёрлаш;
  • Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ҳамкорлик орқали «Табаррук зиёрат» брендини яратиш ва тарғиб қилиш;
  • Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар, шунингдек, туркий халқлар диаспоралари кенг тарқалган бошқа мамлакатлардан туристларни мамлакатимизга кенг жалб қилиш;
  • ташкил этиладиган турли тадбирлар ва лойиҳалар орқали туркий халқлар ёш авлод вакилларининг ўзаро маданий яқинлашувига эришиш, уларда миллий урф-одатлар ва аждодларга ҳурмат каби юксак қадриятларни шакллантириш.

Chat