Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10188 марта ўқилди

 

Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисига мазкур хизматчининг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тижоратда пора эвазига оғдириб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши - базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шу ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилиши жиноий жавобгарликга тортилишга сабаб бўлади.

Ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши - базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Пора олиш:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари Жиноят Кодекснинг 211 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) тамагирлик йўли билан;
г) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса - 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса - 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора олиш-беришда воситачилик қилиш, яъни пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган фаолият, шунингдек манфаатдор шахсларнинг топшириғи билан порани бевосита бериш - базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Худди шу ҳаракат:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари  пора олиш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларини содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида;
в) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олаётганлиги воситачига аён бўлган ҳолда содир этилган бўлса - 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш-беришда воситачилик қилиш:
а) ҳақ эвазига;
б) жуда кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида;
в) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса - 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Chat