Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20989 марта ўқилди

Фуқаролар йиғини қандай масалаларни ҳал қилади?

Фуқаролар йиғини маҳалладаги асосий қарорларни қабул қилувчи орган ҳисобланади. У, жумладан:

  • фуқаролар йиғини раисини, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларини;
  • асосий йўналишлар бўйича комиссиялар ва тафтиш комиссияси раислари ҳамда аъзоларини сайлайди;
  • масъул котибни тасдиқлайди;
  • йиғин кенгаши ва комиссиялар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;
  • фаолият дастури ва харажатлар сметасини;
  • ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича режаларни тасдиқлайди.

Йиғин аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш, ажратилган давлат маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш ва маҳаллада жамоатчилик назоратини амалга оширишда ҳам иштирок этади.

Фуқаролар йиғини кенгаши нима учун керак?

Фуқаролар йиғини кенгаши йиғин қарорларининг бажарилишини таъминлаш ва йиғинлар ўртасидаги даврда ўзини ўзи бошқариш органининг жорий фаолиятини амалга ошириш учун шакллантирилади.

Кенгаш таркибига:

  • фуқаролар йиғини раиси;
  • унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари;
  • масъул котиб;
  • маҳалла хотин-қизлар фаоли;
  • профилактика инспекторлари;
  • ҳудуддаги таълим муассасалари раҳбарлари;
  • оилавий врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар раҳбарлари киради.

Кенгаш қандай вазифаларни бажаради?

Кенгаш фуқаролар йиғинини чақириш, асосий йўналишлар бўйича комиссиялар ишини мувофиқлаштириш, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда тегишли ҳудудда давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш каби вазифаларни бажаради.

Шунингдек, у санитария ва экология ҳолати, ёнғин хавфсизлиги, ветеринария қоидалари, савдо ва хизмат кўрсатиш маданиятига риоя этилиши бўйича тегишли давлат органларига кўмаклашади, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларида иштирок этади.

Йиғин жамоатчилик назоратини амалга оширадими?

Фуқаролар йиғини тегишли ҳудудда қонунчилик ижроси, тадбиркорлар ҳуқуқларига риоя этилиши, коммунал хизматлар сифати, қурилиш ва ҳудудларни сақлаш қоидалари, ерлардан самарали фойдаланиш каби масалалар бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, йиғин тегишли ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг маҳалла ҳаётига дахлдор масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш ваколатига эга.

Chat