Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 44020 марта ўқилди

Раис йиғин фаолиятини қандай ташкил этади?

Фуқаролар йиғини раиси фуқаролар йиғинини ёки фуқаролар вакилларининг йиғилишини чақиради, йиғин ва унинг органлари ўз ваколатларини амалга ошириши ҳамда қабул қилинган қарорлар бажарилиши бўйича ишларни ташкил этади.

Раис фуқаролар йиғинига масъул котиб, асосий йўналишлар бўйича комиссиялар ва тафтиш комиссияси раислари ҳамда аъзолари номзодларини, кенгашга эса ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича ходим номзодини тақдим этади.

Раис маҳалла номидан иш юрита оладими?

Раис давлат органларида, шу жумладан судларда, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фуқаролар йиғинининг манфаатларини ифодалайди.

У фуқаролар йиғини номидан шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномаларини тузади ва йиғин маблағларини қонунчиликка мувофиқ тасарруф этади.

Фуқаролар мурожаатлари бўйича қандай ваколатлари бор?

Фуқаролар йиғини раиси фуқароларни қабул қилади, уларнинг ариза, таклиф ва шикоятларини кўриб чиқади. Шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда фуқароларга уларнинг оилавий ва мулкий аҳволи тўғрисида маълумотнома ва бошқа ҳужжатлар берилишини таъминлайди.

Раис ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек фавқулодда вазиятлардан жабрланган фуқароларнинг моддий ва уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритиши мумкин.

Раис қандай айрим юридик ҳаракатларни амалга ошириши мумкин?

Фуқаролар йиғини раиси белгиланган тартибда ўлимни қайд этиши мумкин.

Шунингдек, у белгиланган тартибда:

  • хат-хабарлар, пул ва посилкаларни олиш;
  • иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бошқа тўловларни олиш;
  • муаллифлик ва ихтирочилик ҳақларини олиш;
  • пенсия, нафақа ва стипендияларни олиш;
  • банклардан пул маблағларини олиш учун берилган ишончномаларни тасдиқлаши мумкин.

Раиснинг бошқа ҳуқуқий вазифалари ҳам борми?

Қонунда назарда тутилган ҳолларда раис эгасиз ёки сақлашга муҳтож мол-мулкни муҳофаза қилиш чораларини кўради, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик ишларини ташкил этади ва тегишли давлат органларига зарур маълумот ҳамда таклифларни киритади.

Фуқаролар йиғини раиси ўз ваколатлари доирасида қонунчиликда назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Chat