Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10881 марта ўқилди

Ходим учун иш вақтининг нормал давомийлиги 5 кунлик ёки 6 кунлик иш ҳафтасида ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Иш вақтининг тушунчаси ва турлари:

Ходим ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт иш вақтидир.

Иш вақтига қуйидагилар киради:
  • ходим меҳнат мажбуриятларини ҳақиқатда бажарган вақт;
  • ушбу Кодексда назарда тутилган вақт даврлари (ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт, технология ҳамда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган танаффуслар, болани овқатлантириш учун танаффуслар ва бошқалар), шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа вақт даврлари, шу жумладан асосий ва тайёргарлик-якуний ишларни бажариш вақти (кийим, материаллар, асбоб-ускуналар олиш, техника, ҳужжатлар билан танишиш, иш ўрнини тайёрлаш ва тозалаш, тайёр маҳсулотни топшириш ва бошқалар).

Иш вақтининг турлари қуйидагилардан иборатдир:
  • иш вақтининг нормал давомийлиги;
  • иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги;
  • тўлиқсиз иш вақти.

 

Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги:

Айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади.

Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги қуйидагиларга мажбурий тартибда белгиланади:

  • 18 ёшга тўлмаган ходимларга (ушбу Кодекснинг 415-моддаси);
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга (ушбу Кодекс 427-моддасининг биринчи қисми);
  • ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга (ушбу Кодекснинг 477-моддаси);
  • иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагогларга ва бошқа тоифадаги ходимларга (ушбу Кодекснинг 184-моддаси);
  • 3 ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) (ушбу Кодекс 397-моддасининг биринчи қисми).

Ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги:

а) ўзига нисбатан иш вақтининг нормал давомийлиги белгиланган ходимлар учун:

  • 6 кунлик иш ҳафтасида — 7 соатдан;
  • 5 кунлик иш ҳафтасида — 8 соатдан;

б) 18 ёшгача бўлган ходимлар учун — ушбу Кодекснинг 416-моддасида белгиланган давомийликдан;
в) ногиронлиги бўлган ходимлар учун — ушбу Кодекс 427-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган давомийликдан; ва бошқалар.

Тўлиқсиз иш вақти:

Меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ходимга ишга қабул қилиш чоғида ва кейинчалик тўлиқсиз иш вақти (тўлиқсиз иш куни (смена) ва (ёки) тўлиқсиз иш ҳафтаси, шу жумладан иш кунини қисмларга бўлган ҳолда) белгиланиши мумкин. Тўлиқсиз иш вақти ҳам муддати чекланмаган ҳолда, ҳам меҳнат шартномаси тарафлари келишган ҳар қандай муддатга белгиланиши мумкин.

Иш берувчи:

  • ушбу Кодекснинг 398-моддасига мувофиқ ҳомиладор аёлнинг, 14 ёшгача бўлган бола (16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган бола) ота-онасидан бирининг (ота-онанинг ўрнини босувчи шахснинг), шунингдек оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахснинг илтимосига кўра тиббий хулосага биноан;
  • ногиронлиги бўлган шахснинг илтимосига кўра, агар мазкур шахс учун иш вақтини белгилаш ушбу Кодекс 424-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларида назарда тутилган бўлса;
  • ва бошқалар.

Ишланмайдиган байрам кунлари арафасидаги ишнинг давомийлиги:
  • Ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади.
  • Байрамдан олдинги куни ишнинг (сменанинг) давомийлигини қисқартириш имкони бўлмаган узлуксиз ишлайдиган ташкилотларда ва айрим турдаги ишларда ортиқча ишлаганлик ходимга қўшимча дам олиш вақти бериш ёки ходимнинг розилиги билан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган нормалар бўйича ҳақ тўлаш орқали компенсация қилинади.

Chat