Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5757 марта ўқилди

Ходимларга ҳар ҳафтада дам олиш кунлари берилади.

5 кунлик иш ҳафтасида ходимларга ҳафтада 2 дам олиш куни, 6 кунлик иш ҳафтасида эса бир дам олиш куни берилади. Айнан битта иш берувчида меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимлар учун бажариладиган ишнинг ўзига хос хусусиятларига қараб иш ҳафтасининг ҳар хил турлари белгиланиши мумкин.

5 кунлик ва 6 кунлик иш ҳафтасида умумий дам олиш куни якшанбадир. 5 кунлик иш ҳафтасидаги иккинчи дам олиш куни жамоа шартномасида ёки ички меҳнат тартиб қоидаларида ёхуд сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалларида, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида белгиланади.

Узлуксиз ишлайдиган ишлаб чиқаришларда ёки ишлаб чиқариш-техника шароитлари бўйича ёки аҳолига доимий узлуксиз хизмат кўрсатиш зарурати оқибатида дам олиш кунлари ишини тўхтатиш мумкин бўлмаган ишлаб чиқаришларда банд бўлган, шунингдек вахта усулида ишлайдиган ходимларга (ходимлар гуруҳига) дам олиш кунлари ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалларига биноан ҳафтанинг ҳар хил кунларида навбатма-навбат берилади.

Қуйидаги кунлар ишланмайдиган байрам кунларидир:
  • 1 январь — Янги йил;
  • 8 март — Хотин-қизлар куни;
  • 21 март — Наврўз байрами;
  • 9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь — Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни;
  • Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.

Chat