Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8266 марта ўқилди

Дам олиш кунларидаги ёки ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун қуйидагиларга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади:

  • ишбай ишловчиларга — камида икки ҳиссали ишбай баҳолар бўйича;
  • меҳнатига кунбай ва соатбай тариф ставкалари бўйича ҳақ тўланадиган ходимларга — кунбай ёки соатбай тариф ставкасининг камида икки ҳиссаси миқдорида;
  • маош оладиган ходимларга — ҳар бир ишланган кун ёки соат учун маошдан ташқари кунбай ёки соатбай ставкасининг камида бир ҳиссаси миқдорида.

Жамоа шартномасида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинган ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида дам олиш кунларидаги ёки ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун қўшимча тўловларнинг юқорироқ миқдорлари назарда тутилиши мумкин.

Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин.

Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилинган тақдирда, бундай иш учун ҳақ тўлаш камида бир ҳисса миқдорида амалга оширилади, дам олиш куни учун эса ҳақ тўланмайди.

Агар ходим жадвалга ёки меҳнат шартномасига мувофиқ умумий белгиланган дам олиш кунларида (беш кунлик иш ҳафтасида шанба ёки якшанба кунлари ёки олти кунлик иш ҳафтасида якшанба куни) меҳнат қилган бўлса, дам олиш кунлари эса унга иш ҳафтасининг бошқа кунларида берилган бўлса, умумий белгиланган дам олиш кунларидаги иш учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун, ушбу иш жадвалга биноан амалга оширилганлигидан ёки ходим мазкур Кодекснинг 210-моддасига мувофиқ ишланмайдиган байрам куни ишга жалб этилганлигидан қатъи назар, камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ёхуд ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш ва бир ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш орқали компенсация қилинади.

Chat