Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10558 марта ўқилди

Иш берувчи ҳар йилнинг 1 декабригача тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимлар рўйхатини аниқлайди ва тиббий муассасага тақдим этади.

Қуйидагилар ишга кираётганда дастлаб ва кейинчалик иш давомида тиббий кўрикдан ўтадилар:
  • 18 ёшга тўлмаганлар;
  • 60 ёшга тўлган эркаклар, 55 ёшга тўлган аёллар;
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлганлар;
  • транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;
  • озиқ-овқат саноатида ишлайдиганлар;
  • аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ишларда банд бўлганлар;
  • таълим муассасаларининг педагог ва бошқа ходимлари.

Мажбурий тиббий кўриклар ташкилотларга тиббий хизматлар кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, улар бўлмаган тақдирда эса ташкилот жойлашган ердаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан ўтказилади.

Мажбурий тиббий кўрикларни ўтказиш мажбурияти қонунчиликка мувофиқ мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим бўлган шахслар бошқа ишга ўтказилган тақдирда ҳам иш берувчининг зиммасига юклатилади.

  • Ходимлар мажбурий тиббий кўриклардан ўтиши муносабати билан чиқимдор бўлмайди.
  • Ходимлар мажбурий тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.

Иш берувчи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд мажбурий тиббий кўрик натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажаришдан бўйин товлаган шахсларни ишдан четлаштириши шарт.

Агар ходим соғлиғининг ёмонлашиши меҳнат шароитлари билан боғлиқ деб ҳисобласа, у навбатдан ташқари мажбурий тиббий кўрикдан ўтишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Мажбурий тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Chat