Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15563 марта ўқилди

Иш жойлари жойлаштириладиган бинолар (иншоотлар) тузилишига кўра уларнинг белгиланган функционал мақсадига ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос бўлиши керак.

Ишлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар мазкур турдаги асбоб-ускуналар учун белгиланган хавфсизлик нормаларига мос бўлиши, тегишли техник паспортларга (сертификатга), огоҳлантирувчи белгиларга эга бўлиши ва иш жойларида ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун тўсиқлар ёки ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши керак.

Ходимларнинг бинодан чиқиши учун авария йўллари ва чиқиш жойлари белгиланган бўлиши, бўш қолиши ҳамда очиқ ҳавога ёхуд хавфсиз ҳудудга олиб чиқиши керак.

Хавфли зоналар аниқ белгиланган бўлиши керак. Агар иш жойлари ишнинг хусусияти туфайли ходим учун хавф мавжуд бўлган хавфли зоналарда жойлашган бўлса, бундай жойлар бегона кишиларнинг бу зоналарга киришига тўсиқ бўладиган қурилмалар билан жиҳозланиши керак.

Ташкилот ҳудудида пиёдалар ва технологик транспорт воситалари хавфсиз шароитларда ҳаракатланиши керак.

Иш вақти давомида иш ўринлари жойлашган хонада ҳарорат, ёруғлик, шунингдек вентиляция санитария нормалари ва қоидаларига мос бўлиши керак.

Қуйидагилар меҳнат шароитлари бўйича иш ўринлари аттестациясидан ўтказилади:
  • қонунчиликда белгиланган тартибда ходимларга меҳнат шароитларига кўра имтиёзлар ва компенсациялар назарда тутилган иш ўринлари;
  • ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган иш ўринлари;
  • имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларида кўрсатилган иш ўринлари;
  • хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги иш ўринлари.

Ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказиш ва ўқитиш:
  • Ишга янги кираётган барча ходимлар, шунингдек бошқа ишга ўтказилаётган ходимлар учун иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ беришни амалга ошириши, ишларни бажаришнинг хавфсиз услублари ва усуллари ҳамда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга оид ўқувни ташкил этиши шарт.
  • Юқори хавфга эга бўлган ишлаб чиқаришга ёки касбий танлов талаб этиладиган ишга кирувчи ходимлар учун ишни хавфсиз услублар ва усуллар билан бажариш бўйича дастлабки тайёргарлик, касб бўйича бир ой давомида меҳнатни муҳофаза қилишга доир ўқув ўтказилиб, имтиҳон топширилади ва кейинчалик меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича мажбурий даврий аттестация ўтказилади.
  • Ташкилотларнинг ходимлари, шу жумладан раҳбарлари меҳнатни муҳофаза қилишнинг давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар томонидан ушбу ходимлар ва раҳбарларнинг касби ҳамда иш турлари учун белгиланган тартибда ва муддатларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитилиши, йўл-йўриқ олиши, билимларининг текширувидан ўтказилиши шарт.
  • Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда ўқувдан ўтмаган, йўл-йўриқ олмаган ва билимлари текширувдан ўтказилмаган шахсларни иш берувчи ишдан четлаштириши шарт.

Chat