Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5164 марта ўқилди

18 ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини меҳнат шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар) қўллаш тақиқланади.

18 ёшгача бўлган ходимларнинг улар учун белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши тақиқланади.

18 ёшгача бўлган ходимлар меҳнатининг қўлланилиши тақиқланадиган ва бажарилиши вояга етмаганларнинг соғлиғига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг оғир юкларни кўтариши ва ташиши чоғида йўл қўйиладиган энг кўп нормалар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

18 ёшгача бўлган шахслар меҳнатга оид якка тартибдаги ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шарт-шароитлари соҳасида эса улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланади.

Ота-онадан бири (ота-она ўрнини босувчи шахс), шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органлар ҳамда болалар масалалари бўйича комиссиялар, агар ишни давом эттириш 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ҳамда маънавий жиҳатдан камол топишига таҳдид солаётган бўлса ёки уларга бошқача тарзда зиён етказиши мумкин бўлса, бундай шахслар билан меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.

Рўйхатга кўра, қуйидаги ишларда 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиш тақиқланади, жумладан:
  • Кўмирни бойитиш аппаратчиси;
  • Қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш аппаратчиси;
  • Ер ости кон ишчиси;
  • Таркибида олмос бўлган концентратларни меъёрига етказувчи;
  • Қора металлар ишлаб чиқариш назоратчиси;
  • Олмослар ва ўта қаттиқ материалларни силлиқловчи;
  • Иссиқлик тармоғидаги ускуналарни таъмирлаш бўйича чилангар;
  • Нефть ва газ қазиб олиш бўйича оператор;
  • Газ тақсимлаш станцияси оператори;
  • Тиббий препаратларни дозаловчи;
  • Тиббий маҳсулотларни тахловчи;
  • Юқори частотали ток қурилмаларида пайвандчи;
  • Гипсни қиздирувчи;
  • Асфальтбетончи;
  • Новвой;
  • Хамир қорувчи;
  • Гўшт маҳсулотларини кесувчи;
  • Музқаймоқ тайёрловчи;
  • Наққош;
  • Йўловчи ташувчи поезд механиги-бригадири;
  • Тез тиббий ёрдам станцияларининг навбатчи тиббиёт ходими. Батафсил.

Chat