Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33402 марта ўқилди

Ҳар йилги меҳнат таътили:
  • Ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир.
  • Барча ходимлар, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳар йилги меҳнат таътилининг турлари қуйидагилардан иборат:

  • асосий меҳнат таътили (ҳар йилги асосий энг кам ёки ҳар йилги асосий узайтирилган);
  • ушбу Кодекснинг 222-моддасида назарда тутилган тартибда асосий энг кам ёки асосий узайтирилган таътил билан жамлаб ҳисобланадиган қўшимча меҳнат таътили.

Ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кунни ташкил этади.

Ҳар йилги асосий узайтирилган таътил:

Қуйидагиларга ёши ва соғлиғининг ҳолати ҳисобга олинган ҳолда ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади:

  • 18 ёшгача бўлган шахсларга 30 календарь кун;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга 30 календарь кун.
  • Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги 27 календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади, бундан давлат ходимларининг айрим тоифалари учун қонунда ҳар йилги асосий узайтирилган таътилнинг узоқроқ давомийлиги белгиланган ҳоллар мустасно.
  • Ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар айрим тоифадаги ходимлар учун ҳам улар меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларига ҳамда бошқа ҳолатларга қараб белгиланади. Бундай таътиллар олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларнинг рўйхати ва ушбу таътилларнинг давомийлиги қонунчиликда белгиланади.
  • Қонунчиликда белгиланганидан ташқари, ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар бериш, шунингдек ҳар йилги асосий узайтирилган таътилнинг давомийлигини унинг қонунчилик билан кафолатланган давомийлигига нисбатан кўпайтириш жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилиши мумкин.

Ҳар йилги қўшимча таътиллар:

Ҳар йилги қўшимча таътиллар:

  • ушбу Кодекснинг 481-моддасига мувофиқ меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга;
  • ушбу Кодекснинг 483-моддасига мувофиқ ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга;
  • ушбу Кодекснинг 220-моддасига мувофиқ битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
  • қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилади.

Битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун бериладиган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили:
  • Ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар 5 йил учун давомийлиги 2 календарь кун бўлган, бироқ жами 8 календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.
  • Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари қонунчиликда ўзига иш стажи учун ҳар йилги узоқроқ қўшимча меҳнат таътиллари берилиши назарда тутилган айрим тоифадаги ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.
  • Қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, бошқа ички ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига бошқа иш берувчидаги ёхуд бошқа тармоқдаги иш стажини киритиш назарда тутилиши мумкин.
  • Агар ходим иш берувчининг таклифига кўра ишга қабул қилинган бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига бошқа иш берувчидаги иш стажи киритилади. Микрофирмалар ходимларига ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили ушбу Кодекснинг 505-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда берилади.

Биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилини бериш тартиби:

Биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган 6 ой ўтганидан кейин юзага келади. Меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ходимга ишлаган 6 ой ўтгунига қадар ҳам меҳнат таътили берилиши мумкин.

Биринчи бор ташкил этилган ташкилотлар учун ходимларга биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътили биринчи иш йили тугагунига қадар ушбу таътилни бериш шарти билан 6 ой ишламасидан илгари ёки ундан кейин берилиши мумкин.

6 ой ўтгунига қадар ходимнинг хоҳишига кўра қуйидагиларга ҳар йилги меҳнат таътили берилади:

  • аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;
  • 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга (ёлғиз ота-онага, шу жумладан бева аёлларга, бева эркакларга, никоҳдан ажралганларга, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларга);
  • 18 ёшдан кичик бўлган шахсларга;
  • резервга бўшатилганидан кейин уч ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчиларга;
  • 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга;
  • ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганларга, агар улар ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, битирув малакавий ишларини, магистрлик диссертацияларини, курс, лаборатория ишларини ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласа;
  • жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёхуд ички ҳужжатларда белгиланган бошқа ҳолларда бошқа ходимларга.

Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Бунда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми 14 календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Ходимни ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олиш:
  • Ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга таътилнинг исталган вақтида фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки ушбу Кодекснинг 230 ва 231-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда кейинги иш йилида берилиши керак.
  • 18 ёшга тўлмаган ходимларни, ҳомиладор аёлларни ва меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларни ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.

Ҳар йилги меҳнат таътилини пулли компенсация билан алмаштириш:

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади.

Chat