Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12985 марта ўқилди

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил деганда ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолган ҳолда ҳақ тўланмайдиган таътил тушунилади.

Ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак.

Агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, карантин чоралари амалга оширилаётган, фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда ва бутун аҳолининг ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал яшаш шароитларига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда ходимнинг ёзма аризасига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг узлуксиз ёки жамланган давомийлиги кўпайтирилиши, бироқ кўпи билан 6 ойгача кўпайтирилиши мумкин.

Ходимнинг талабига кўра мажбурий тартибда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш:

Ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил қуйидагиларга мажбурий тартибда берилади:

  • 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга — ҳар йили 14 календарь кунгача;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — ҳар йили 14 календарь кунгача;
  • 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига;
  • 12 ёшга тўлмаган 2 ва ундан ортиқ нафар болани ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онасининг бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) — ҳар йили 14 календарь кунгача;
  • қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ходимларга.

Chat