Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17618 марта ўқилди

Давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг, шу жумладан ўриндиқли аравачалардан ва етакловчи итлардан фойдаланувчи шахсларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига монеликсиз кириши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.


Ижтимоий инфратузилма объектларига қуйидагилар киради:

  • турар жойлар;
  • жамоат ва ишлаб чиқариш бинолари;
  • иморатлар ва иншоотлар;
  • соғлиқни сақлаш объектлари;
  • спорт объектлари;
  • маданий-томоша муассасалари;
  • аҳоли фойдаланадиган бошқа объектлар.

Мавжуд объектлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб оқилона мослаштирилиши керак.

Бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, жамоат бинолари ва иншоотларини:

  • лойиҳалаш;
  • қуриш;
  • реконструкция қилиш

ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шароит яратиш қурилиш лойиҳасининг мажбурий қисми ҳисобланади.

Қурилиш ва реконструкция қилиш нормалари ҳамда қоидалари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.

Қурилиш лойиҳаларининг мажбурий экспертизаси

Қуйидаги маблағлар ҳисобидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ёки таъмирланадиган шаҳарсозлик объектлари лойиҳаларининг техник қисми тўсиқсиз муҳит талабларига мувофиқлиги бўйича мажбурий экспертизадан ўтказилади:

  • консолидациялашган бюджет маблағлари;
  • давлат иштирокидаги корхоналар маблағлари;
  • бошқа марказлаштирилган манбалар;
  • 2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари маблағлари.

Экспертизада лойиҳанинг ногиронлиги бўлган шахсларга шароит яратиш бўйича шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги текширилади.

Автотранспорт воситалари учун махсус жойлар

Жамоат бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ҳамда реконструкция қилишда ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун:

  • автотранспорт воситаларини сақлашга мўлжалланган махсус жойлар;
  • уларга хавфсиз ва тўсиқсиз кириб-чиқиш имконияти;
  • мақбул ўлчам ва миқдордаги тўхташ жойлари

назарда тутилиши керак.

Лифтлардан фойдаланиш имконияти

Уй-жойлар ва ижтимоий инфратузилма объектларида лифтларни сотиб олиш ва ўрнатишда уларнинг ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча тоифалари учун қулай бўлиши таъминланиши шарт.

Бунда лифтга кириш, уни бошқариш ва ундан хавфсиз фойдаланиш имконияти ҳисобга олиниши керак.

Объектларни фойдаланишга қабул қилиш

Ижтимоий-маиший ва маданий мақсадларга мўлжалланган янги қурилган ҳамда реконструкция қилинган объектларни фойдаланишга қабул қилишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари давлат қабул комиссияси таркибига киритилади.

Бу орқали объектда ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шароитлар амалда яратилганлиги баҳоланади.

Лицензия олишда тўсиқсиз муҳит талаби

2025 йил 1 январдан бошлаб қонунчиликда белгиланган айрим фаолият турларини лицензиялашда объектда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратилганлиги тўғрисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси талаб этилади.

Кўчалар ва йўл инфратузилмасини мослаштириш

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳар йили ўз ҳудудидаги камида битта кўчани ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига мослаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиши ҳамда қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириши керак.

Йўл инфратузилмасида:

  • пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳалар;
  • кўчалар ва тротуарлар;
  • ер усти ва ер ости пиёдалар ўтиш жойлари;
  • автобус ва метро бекатлари

ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқсиз ҳаракатланиши учун мослаштирилиши лозим.

Чорраҳаларда товушли ва визуал сигнализация тизимлари, пандуслар, тутқичлар, тактил қопламалар ва зарур ахборот воситалари ўрнатилиши назарда тутилади.

Тўсиқсиз муҳит устидан давлат назорати

Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратилганлиги устидан давлат назоратини Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция амалга оширади.

Ижтимоий инспекция қуйидагиларни назорат қилади:

  • бино ва иншоотларга тўсиқсиз кириш имкониятини;
  • маданий объектларнинг қулайлигини;
  • чорраҳалар, тротуарлар ва пиёдалар ўтиш жойларининг мослаштирилганлигини;
  • жамоат транспорти ва транспорт инфратузилмасининг зарур жиҳозлар билан таъминланганлигини;
  • тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича масъул шахсларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини.
Chat